Ўзбекистон интеллектуал мулкнинг ҳуқуқий муҳофазаси ва ҳимояси ҳолати бўйича АҚШ Савдо вакиллигининг (USTR) қора рўйхатидан чиқарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги хабар берди.

25 апрель куни вакиллик интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари самарадорлигига оид янги махсус ҳисоботини тақдим этди. Ўзбекистон 2000 йилдан бери биринчи марта махсус кузатув остидаги давлатлар рўйхатига киритилмади.

Ҳужжатда бунга «интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш соҳасидаги узоқ муддатли муаммоларни ҳал қилишда эришилган ютуқлар» сабаб бўлгани қайд этилган. Божхона кодексига киритилган ўзгартишлар билан тасдиқланган контрафакт товарларни олиб киришга қарши курашиш бўйича божхона органларининг ваколатлари алоҳида келтириб ўтилган.

USTR муаллифлик ҳуқуқлари ва патентлар масаласига «юқори даражадаги сиёсий» эътибор қаратилганини таъкидлайди. Ўзбекистон, шунингдек, «АҚШ-Марказий Осиё» савдо ва инвестициялар бўйича асосли келишув доирасида Интеллектуал мулк бўйича ишчи гуруҳини қўллаб-қувватлаш ва унда иштирок этиши қайд этилган.

Ўзбекистондан ташқари Доминикан Республикаси ҳам кузатувдан тушириб қолдирилди. Шу билан бирга, рўйхатга 7 та янги давлат киритилди.

USTR, бундан ташқари, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш ва қўллаш бўйича муаммоларни ҳал қилиш учун савдо ҳамкорларини жалб қилишда, шу жумладан, Савдо ва инвестиция асослари доирасида икки томонлама ҳамкорлик ва бошқа механизмлар орқали давом этмоқда. Бунга бошқа давлатлар қаторида Ўзбекистон билан ҳамкорликни мисол қилиб келтириш мумкин, дейилади ҳужжатда.

«Муайян давлатнинг кузатувдаги давлатлар рўйхатига киритилиши унда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича жиддий муаммолар мавжуд эканлигини кўрсатади ҳамда бевосита хорижий корхоналар томонидан инвестициявий фаолиятни амалга оширишда алоҳида эътибор қаратилади», — деб таъкидлади Адлия вазирлиги. Шу вақтгача Марказий Осиё давлатларидан фақат Ўзбекистон ва Туркманистон бу рўйхатга кирарди.

Вазирлик Ўзбекистон интеллектуал мулк бўйича қатор халқаро шартномаларга қўшилганини таъкидлади. Миллий қонунчилик ЖСТнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо аспектлари тўғрисидаги битими (TRIPS) нормаларини мустаҳкамлайди.