БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги (ҚБОК) Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги бошқа давлатларнинг фуқаросизликни йўқ қилиш борасидаги ютуқларини юқори баҳолайди. Бу ҳақда Ўзбекистон БМТга аъзо бўлганининг 30 йиллиги муносабати билан БМТ ҚБОК томонидан маълум қилинди.

Ўтган йили фуқаролиги бўлмаган шахслар сони энг кўп аниқланган Ўзбекистон фуқаролиги бўлмаганлар сонини деярли ярмига қисқартирди, рўйхатга олинган 70 минг нафар фуқаролиги бўлмаган шахслардан 33 минг нафарига фуқароликни берди ёки тасдиқлади. Бунга 2020 йилда қабул қилинган фуқаролик тўғрисидаги янги қонун талаблари ва унга 2021 йилда киритилиб, кучга кирган ўзгартишлар сабаб бўлди.

«Бу Барқарор ривожланиш мақсадлари ва 2030 йилгача бўлган даврда ҳеч кимни орқада қолдирмаган ҳолда барқарор ривожланиш соҳасидаги Кун тартибига эришиш йўлидаги сезиларли муваффақиятдир. Фуқаросизликнинг олдини олиш ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳимоя қилиш тараққиёт, тинчлик, хавфсизлик ва мажбурий кўчирилишга катта ҳисса қўшади», — деди БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг Марказий Осиё бўйича вакили Ханс Фридрих Шоддер.

2021 йилда 46 мингдан ортиқ фуқаролиги бўлмаган шахс Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ёки Ўзбекистон фуқаролигини олди.

2021 йил охирида Марказий Осиёда 56 мингдан ортиқ фуқаролиги бўлмаган шахс аниқланган, айни пайтда фуқаросизликнинг ҳақиқий кўлами юқорироқ бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида фуқаросизлик ҳолати

Туркманистон фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳуқуқий мақом олиш ва шу тариқа асосий инсон ҳуқуқларидан фойдаланиш имконини берувчи фуқаролиги йўқлигини аниқлаш тартиб-таомилларини жорий қилди.

Тожикистон томонидан 2021 йилда фуқаросизлик ҳолатларини камайтириш бўйича амалга оширилган тадбирлар натижасида 4000 дан ортиқ киши шахсини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлди. Шунингдек, 4000 га яқин фуқаролиги бўлмаган шахс аниқланган ва уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.

2020 йил кузидан бошлаб Қозоғистонда фуқаролиги бўлмаган шахсларни аниқлаш бўйича миллий кампания ўтказилмоқда. 2021 йил охирига қадар ушбу кампания фуқаролиги йўқ 7300 га яқин шахсни аниқлади, улардан 4100 дан ортиғи Қозоғистон фуқаролигини тасдиқлашда ёрдам олди, 2000 нафарга яқини эса де-юре фуқаролиги йўқ сифатида расман рўйхатга олинган.

БМТ ҚБОК Қирғизистон ҳукуматининг 2019 йилда фуқаросизлик билан боғлиқ барча маълум ҳолатларни ҳал қилишда эришган муваффақиятига асосланиб, 2019 йилги Олий даражадаги сегментда ўз зиммасига олган тўртта мажбуриятни бажариш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

БТМ Қочқинлар ишлари бўйича агентлиги Туркманистон ва бутун дунёда сони ортиб бораётган бошқа мамлакатлар қатори Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни ҳам фуқаросизлик тўғрисидаги ҳар икки конвенцияга қўшилиш имкониятларини кўриб чиқишни қўллаб-қувватлайди.

2024 йилга қадар дунё бўйлаб фуқаросизликка чек қўйиш мақсадида #IBelong кампанияси бошланган 2014 йилдан буён Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда 163 мингдан ортиқ фуқаросизлик ҳолатлари ҳал этилган.