Айни вақтда бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев Украинадан эвакуация қилинган талабалар Ўзбекистонда таълим олиши учун шароитлар яратилишини маълум қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

«Бугунги кунда Украина олийгоҳларида 370 дан зиёд ёшларимиз таълим олмоқда ва шундан 200 га яқини Ватанга қайтарилди. Қолганларини ҳам яқин 1 ҳафтада қайтариш учун барча чораларни кўраяпмиз», — деди давлат раҳбари.

Ушбу талабаларнинг аксарияти тиббиёт, транспорт, авиация, иқтисодиёт, муҳандислик, IT йўналишларида ўқишмоқда.

Олий таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, вилоят ҳокимлари бошчилигида комиссия ташкил этилиши белгиланди.

Комиссия бир ҳафта муддатда Украинадан қайтган талабаларни ўзимиздаги олийгоҳларда ўқишини давом эттириши учун барча шароитларни яратиб беради, дейилади хабарда.

Бунда, Комиссия ўқишни Ўзбекистонда давом эттириш истаги бўлган талабаларни соддалашган тартибда кўчиришни ҳал этади.

Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан соҳа раҳбарлари ва ҳокимларнинг ахбороти тингланди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилишда Шавкат Мирзиёев бундан буён барча давлат ташкилотлари ва муассасаларида талабаларнинг ишлашига рухсат берилишини маълум қилди. Марказий банк тажрибаси асосида Иқтисодиёт, Молия, Қурилиш, Энергетика, Қишлоқ ва Сув хўжалиги вазирликлари, солиқ, кадастр идоралари 3−4 курс талабаларни ҳақ тўланадиган стажировкага жалб қилади. Амалиёт якунида уларга доимий иш таклиф қилинади.

Қолаверса, 100 мингга яқин талаба ишлашни хоҳлашини, ҳозирги кунда талабалар ишлаши мумкин бўлган 105 мингта вакант иш ўрни борлигини айтилди. У талабалар билан ишламагани учун ҳоким ва ректорларни танқид қилди. Энди талабаларни иш билан таъминлаш бўйича бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида Республика комиссияси ташкил этилади.