3 март куни ўзбекистонликлар тижорат банкларидан 60 млн рублдан кўпроқ ҳажмда Россия валютасини сотиб олди. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида қайд этилди.

Фото: Марказий банк

Бундан ташқари, жисмоний шахслар банклардан 5,5 млн рублга яқин рус валютасини сотиб олишган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг изоҳлашича, рубль айирбошлашдаги бу ҳолат биринчи сабаби банклар тавсия этилган мақбул курсларни тушга яқин ва тушдан кейин ўрната бошлагани билан боғлиқ. Яъни бозор иштирокчиларига янгилик анча кечикиб етиб борди. Бугун ва кейинги кунларда бошқача ҳажмларни кўришни бошлаймиз, деб ёзди иқтисодчи.

«Иккинчидан, рублнинг қулаши ортидан Россиядаги товарлар, масалан ёғоч, ёғ-мой, металл-прокатларнинг нархи долларга чаққанда 1,5−2 баробаргача арзон бўлиб қолди. Яъни конфликтгача [Россия-Украина ўртасидаги] рублда импорт шартномаси тузганлар тезроқ эски нархларда тўловини амалга ошириши манфаатига эга, токи нариги томон битимлар ва нархларга ўзгартириш киритмагунича. Шунинг учун жисмоний шахслар банкдан мақбул курсда рубль сотиб олиб, масалан, устав фондига киритиб хўжалик субъектлари номидан рублдаги импорт контрактлари учун тўловларни ўтказиш орқали юқори даражада афзалликдан фойдаланишмоқда», — дея таъкидлади у.

Унинг сўзларига кўра, 25 февралдан буён долларда ҳам, рублда ҳам пул ўтказмалари деярли тўхтаб қолгани боис, мигрантлар банклар таклиф этаёган мақбул курслардан барибир манфаатдор бўлишмаяпти.

Шу билан бир қаторда, март ойининг учинчи кунида ўзбекистонликлар банкларга 28 млн миқдорида АҚШ доллари сотган ҳамда банклардан 26,3 млн доллар харид қилган. Шунингдек, жисмоний шахслардан 118,17 минг евро харид қилиниб, 68 минг евро сотилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда банклар ўзининг валюта айирбошлаш шохобчаларида Россия рублини алмаштиришни бошлагани ҳақида хабар берган эдик. Марказий банк уларга валюта курсини белгилашда сотиб олиш ва сотиш курслари ўртасидаги «мақбул бўладиган фарқ даражасини» сақлаб қолишни тавсия қилди. Ҳозирда рубль 97−102 сўм оралиғида баҳоланмоқда, бироқ иқтисодчилар хатарлардан огоҳлантирмоқда. Курс кун давомида халқаро котировкалар асосида ўзгариши мумкин.