Президент 2 март куни «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги [ПҚ-150-сон] қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжатга кўра Мудофаа вазирлиги ҳузурида «Ватан таянчи» болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати ташкил этилди.

Давлат муассасаси бўлган мазкур ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари томонидан бошқарилади.

Шунга асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаларида бошқарма бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди.

Бундан ташқари, туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларида ҳам энди бўлим бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимлари бўлади.

Шунингдек, қарорга кўра, мактабларда чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси раҳбарлигида 10−11-синф ўқувчиларидан (таркиби 20 нафар) иборат «Ватан таянчи» отрядлари тузилади. Ўқувчилар унга ихтиёрий аъзо бўлади.

2022/2023 ўқув йилидан ҳар бир «Ватан таянчи» отрядининг бир нафар аъзосига Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган танлаб олиш тартибига мувофиқ ОТМга ўқишга кириш учун имтиёзли тавсиянома берилади. Бунда унинг «Ватан таянчи» ҳаракатининг фаолиятида фаол иштирок этиши ҳамда мактабни аъло баҳоларга тамомлагани инобатга олинади.

Тавсияномага эгаларга тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовларида тўплаган балларининг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклида имтиёз берилади.

Тавсияномалар берилган санадан бошлаб 3 йил мобайнида амал қилади.