Давлат хавфсизлик хизмати тўртта вилоятда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахсларни қўлга олди, деб хабар берди ташкилот матбуот хизмати.

Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирида шахс танишлари орқали фуқарони ДХХ идораларига ишга киритиб қўйиш эвазига 50 минг доллар олган вақтида ушлангани айтилмоқда. Таъкидланишича, у муқаддам фирибгарлик жиноятини содир этгани учун бир неча бор судланган.

Намангандаги ҳолатда эса Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ҳарбий хизматчиси фуқаронинг фарзандини ички ишлар идораларига ишга киритиб қўйишни ваъда қилгани айтилмоқда. Бунинг эвазига у 5 минг доллар олган вақтида қўлга тушган.

Сирдарё вилояти Бахт шаҳрида яшовчи, собиқ ички ишлар ходими, ўзини гўёки Миллий Гвардиянинг вилоят бошқармасида ишловчи ходими сифатида таништириб, Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқарони Миллий Гвардия тизимига ишга киритиб қўйишига ишонтирган. Бунинг эвазига эса 4 минг доллар олган вақтида ушланган.

Бундан ташқари, шу каби ҳолат Қашқадарёда ҳам аниқланди. Муқаддам Мудофаа вазирлиги тизимида ишлаб, нафақага чиққан Қарши шаҳрида яшовчи шахс 1995 йилда туғилган фуқарони Миллий Гвардияга ишга киришида ёрдам беришини айтган. Бунинг эвазига 4 минг доллар олганида қўлга олингани айтилмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.