Жума куни президент Шавкат Мирзиёев Покистонга давлат ташрифини якунлаб, Тошкент шаҳрига қайтиши заҳотиёқ — олий таълим муассасалари талабалари бандлигини таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Унда таъкидланиўича, ҳозирги кунда мамлакатимиз олийгоҳларида 510 минг нафар талаба кундузги шаклда ўқимоқда, умумий ҳисобда 820 минг нафар талаба таҳсил олаяпти.

Давлат раҳбарининг топшириғига мувофиқ ректорлар, талабалар ўртасида суҳбат ва сўровномалар ўтказилди, дейилади хабарда.

Талабаларнинг 100 минг нафарга яқини ишлаш ва қўшимча даромад топиш нияти борлигини билдирган. Айниқса, улар орасида 7,5 минг чин етим ёки ногиронлиги бўлган ҳамда 4,5 минг нафар «дафтарлар»га киритилган талабалар бор.

«Бу рақамлар ҳақиқатда анча юқори. Шунинг учун ректорлар ҳар бир талаба билан ўзлари мулоқот қилиб, ҳақиқий ҳолатни билиш ва уларни банд қилишга шахсан масъул», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу билан бирга, ҳозирги кунда талабалар ишлаши мумкин бўлган 105 мингта вакант иш ўринлари мавжуд.

«Қайси ҳоким ёки ректор бўш иш ўринларини таҳлил қилиб, талабаларни жойлаштириш бўйича ишлаган? Ҳозирча, бу саволга ижобий жавоб йўқ, — дея сўзида давом этди президент. — Ҳоким ва ректорлар, бир нарсани билинглар — ишлашга эҳтиёжи бор талабаларга ёрдам бериб, уларнинг бандлигини таъминлаш шарт».

Бу ишларни тизимли ташкил этиш учун бош вазир (Абдулла Арипов) бошчилигида республика комиссияси тузилиши белгиланди. Ҳокимлар ҳам ректорлар билан бирга ҳудудларда шундай комиссиялар ташкил этади.

Комиссия қуйидагилар билан шуғулланади:

  • вилоят ҳокимлари ва ректорлар билан бирга ҳар бир олийгоҳ кесимида «талабалар баланси»ни аниқлаб олади;
  • вакант ўринларини таҳлил қилиб, ҳар бир вилоят бўйича 1, 2 ва 3-курс талабаларининг камида 30−40 фоизини ишга жойлаш чораларини кўради;
  • битирувчи курслар талабаларини эса ҳоким, ректор ва корхоналар билан биргаликда келгусидаги иш жойини белгилаб олади ва уларни ҳақ тўланадиган 3−4 ойлик стажировкага юборади.

Давлат раҳбари энг аввало, ОТМлардаги бўш хона ва иншоотларни талабаларга бепул ажратиш орқали уларда пуллик курслар, тўгараклар ва бошқа хизматлар ҳамда ишлаб чиқаришлар ташкил этиш кераклиги таъкидланди.

У Фарғона давлат университети ва Андижон қишлоқ хўжалиги институтини мисол қилиб келтирди.

Жумладан ФарДУда:

  • умумий овқатланиш ва қурилиш корхоналари ташкил этилиб, уларда 125 нафар;
  • адрас, миллий кийимлар, кулолчилик цехлари, доривор ўсимликлардан шифобахш дамламалар тайёрлашда 18 нафар;
  • «Дўстлик», «Оқбилол» агроучасткалари ва Қувасой шаҳридаги ўқув полигонларида чорвачилик, асаларичилик, гулчилик, анорчилик, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ҳамда биогумус етиштириш йўлга қўйилиб, 36 нафар талабанинг бандлиги таъминланган.

Эслатиб ўтамиз, олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов қорақалпоғистонлик талабалар билан учрашувда ОТМларда 2 курсдан бошлаб ишлашга рухсат берувчи янги тизим яратилишини маълум қилганди. «Ишлаганда ҳам ўзининг соҳасида ишласин. Мен буни ҳурмат қиламан», — деди у. Қолаверса, ОТМларда таълим жараёни 70 фоиз амалиётга ўтиш кераклиги таъкидланди.