Мақоланинг тўлиқ версияси 26 февраль куни «Газета.uz»да рус тилида эълон қилинган. Қуйида мақола таржимаси.

Фирибгар ёки «ахлат» журналлар нима?

Иқтисодчилар: агар талаб бўлса, таклиф ҳам бўлади, дейишади. Бироқ Scopus, Web of Science ёки юқори импакт факторли (ИФ) журналларда мақола чоп этиш осон эмас. Сабаби — талаблар ва тўловлар юқори даражада. Бепул журналлар бўлган тақдирда ҳам, рецензентлар чиғириғидан ўтиш жуда қийин.

Бу эса мақолалар бозорида ўзига хос хизматларнинг пайдо бўлишига олиб келди. Фақат тўловини қилиш керак, холос. Мақола стандартларга мувофиқ таҳрир қилинади, ҳаволалар аппарати билан таъминланади, таржима қилинади. Айрим хизматларда мавзуни беришнинг ўзи етарли. Аммо мақола учун тўловдан ташқари, журналнинг ўзига ҳам тўлашингиз керак. Савол туғилади: қандай қилиб камроқ тўлов билан халқаро журналда мақола эълон қилиш мумкин?

Ечим ҳам топила қолди: бозорда бу каби журналларда мақолаларни чоп этиб бериш хизматларини таклиф қиладиган уддабуронлар пайдо бўлди. Ўзбекистон олтин кони бўлиб чиқишини улар хаёлига ҳам келтиришмаганди! Ўзбекистоннинг минглаб (!) олим ва докторантлари кўзбўямачилик ҳисобланган «Scopus журналлари» ёки «юқори импакт факторли журналлар»да мақола чиқариш жараёнига жалб қилинган экан.

Бундан Олий таълим вазирлиги ҳам, Фанлар академияси ҳам, Инновациялар вазирлиги ҳам, Олий аттестация комиссияси ҳам хабардор. Ҳатто Ўзбекистон Республикасининг 2017−2021 йилларга мўлжалланган фан ва инновациялар бўйича Миллий ҳисоботида (135-бет) «Ўзбекистон олимлари мақола чоп этадиган шубҳали журналлар» келтирилган.

Улар: Journal of Critical Reviews, Journal of Advanced Research in Dynamical and Control Systems, International Journal of Scientific and Technology Research, International Journal of Advanced Science and Technology, Indian Journal of Forensic Medicine and Toxicology. Ушбу журналларда ўзбек муаллифларининг 1176 та мақоласи эълон қилинган ва уларнинг барчаси 2020 йилда ноҳалоллиги учун Scopus базасидан ўчирилган.

Фирибгар журналлар уч турга бўлинади: 1) йиртқич (predatory); 2) ёлғон (fake) ва 3) ўғриланган (hijaked).

Йиртқич журналлар 1−2 ой ичида нашр қилишни ваъда беради (баъзан эса — 4 ёки 5 кунларда); материаллар рецензияланмайди. Мақолалар барча фанлар бўйича ва ёмон таржимада ҳам қабул қилинаверади. Ушбу журналлар кўпинча ўзларини халқаро, Европа ёки Американики деб аташади (бу атамалардан хўрак сифатида фойдаланилади). Таҳрир ҳайъати аъзолари ҳақида батафсил маълумотлар берилмайди. Нашр қилинаётган материаллар кўпинча журнал номига мос келмайди. Тўлов мақолани нашрга қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг дарҳол амалга оширилиши керак; тўлов миқдори паст, бу муаллифларни оммавий ёллаш имконини беради; фойда мақолалар сонининг кўплиги билан шаклланади. Журнал ҳажми қатъий қилиб белгилаб қўйилмаган. Журналнинг бир сони 3 та, иккинчиси эса 100 та мақоладан иборат бўлиши мумкин.

Йиртқич журналлар электрон почта орқали юбориладиган ҳамда журналнинг таҳрир ҳайъати таркибига киритиш ёки чоп этиш таклифи бўлган хатлардан фойдаланади. Бундай «шахсий» таклифномалар оммавий почта жўнатмаларидир.

Журналнинг импакт факторини (рейтингини) аниқлаш учун эса ноҳалол рейтинг ташкилотлари қўлланилади.

Ёлғон журналлар ўзлари (Scopus ва Web of Science маълумотлар базаларида индексланган), таҳрир ҳайъати аъзолари ва импакт фактор ҳақида уйдирма маълумотларни тақдим этади. Кўпинча АҚШ ёки Европада рўйхатдан ўтилгани кўрсатилади, бироқ амалда бутун «механика» қайсидир бир Осиё ёки Африка мамлакатида амалга оширилади.

Ўзбекистон Миллий университетининг ўтган йилгача мавжуд бўлган, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда чоп этилган «Марказий Осиё олами» журналини ёлғон журналга мисол қилиб келтириш мумкин. ЎзМУнинг ҳозирги сайтида бу журнал ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, лекин эски сайтда: «Журнал… Scopus, Web of Science марказий коллекцияларидан бирини ташкил этувчи Emerging Sources Citation Index (ESCI) маълумотлар базаларига киритилган ҳамда Web of Science платформасидаги Russian Science Citation Index (RSCI)да индексланади», — дейилади.

Бу — ёлғон. Журнал ушбу маълумотлар базаларининг ҳеч бирида рўйхатга олинмаган ва ҳозир ҳам уларда мавжуд эмас. Бутун 2019 йил давомида журналнинг атиги 2 та сони, 2020 йил учун эса 1 та сони нашр этилди. Ваҳоланки сайтда журналнинг бир йилда 4 марта нашр этилиши кўрсатилган.

Ўғри журналлар (клоун журналлар) — киберфирибгарлик тури бўлиб, қайсидир бир таниқли нашрнинг нусхаси ҳисобланади. Ушбу нашрлар тезда рўйхатга олинади ва бутун бошли мижозлар алданган бўлиб чиққанида фош бўлади.

Мақолалар эълон қилингани ҳақидаги рангли сертификатлар ёки журналнинг таҳрир ҳайъатига аъзолик фирибгар журналларнинг кўрсаткичларидан ҳисобланади.

Жаннат ваъдаси ёлғонмиди?

Ўтган йили докторантим (PhD номзоди) аттестациядан ўтаётганида ундан нима учун Scopus`да мақолалари йўқлигини сўрашди. Унинг Россия Фанлар академиясининг «Антропология бюллетени»да мақолалари бор эди, бироқ унга булар тўғри келмаслиги (?!), Scopus ёки 4 ё ундан юқори (!) импакт факторли журналда мақолалар чиқариши кераклиги айтилган.

Бу нима деган гап? «Антропология бюллетени» илмий ҳамжамиятда обрўли журнал ҳисобланади. Докторант эса, тўғри, журнал Web of Science платформасида RSCIда индексланганини билмас эди.

Унга бошқа докторантларнинг барчаси Scopus журналларида ёки юқори импакт факторли журналларда мақолалар чоп этишганини айтишган. Ва унга Ҳиндистонда нашр этиладиган EPRA International Journal of Research & Development (IJRD)дан қоғоз нусхалар ва сертификатлар тўплами кўрсатилган. Тўлов миқдори оз — 20 дан (муаллифлар сони — 3 нафаргача) 70 долларгача (муаллифлар сони — 7 нафаргача; ўртада бўлинса, у ҳар бирига 10 доллардан тушади).

Журнал номи шубҳани келтириб чиқаради: «Тадқиқотлар ва Тараққиёт».

EPRA сайтида IJRD импакт фактори (ИФ, мазкур журналда эълон қилинган мақоланинг иқтибос олиниш кўрсаткичи) 8,13 экани кўрсатилган, яъни у дунёдаги энг яхши 5 фоиз журналлар сафида! Журналларнинг халқаро маълумотлар базаларида ўртача рецензияланган ИФ кўрсаткичи тахминан 1,5 ни ташкил қилади.

Таҳлил шуни кўрсатадики, ИФ қиймати 0,01 дан 0,3 гача бўлган журналлар сони умумий илмий журналлар сонининг 25 фоизини ташкил этади. Табиий фанлардаги аксарият журналлар (тахминан 50 фоиз) учун ИФ қийматлари 0,3 дан 3,0 гача. Журналларнинг 20 фоизга яқини 3,0 дан 7,0 гача ва фақат 5 фоиз журналлар жуда юқори ИФга (7,0 дан юқори) эга.

Шу маънода, комиссия аъзоларининг докторантлардан ИФ кўрсаткичи 4 ва ундан юқори бўлган журналларда мақола чиқаришни талаб қилишлари ҳайратланарли. У ҳолда биринчи разрядли спортчидан Олимпия медалларини талаб қилиш ҳам мумкин экан-да.

Журнал Scopus ва Web of Science рўйхатларида мавжуд эмас. Бундай юқори импакт факторли журналнинг маълумотлар базаларида мавжуд эмаслиги қизиқ.

Журнал саҳифалари ва умуман, журнал киритилган EPRA Journals сайтида унинг импакт фактори нимагадир турлича:

Биринчидан, қандай қилиб битта сайтнинг ўзида IJRD учун турли хил ИФ қийматлари берилиши мумкин?

Иккинчидан, 5,148 ва 6,093, бу катта фарқми ёки кичик? Катта. ИФ қийматлари мингдан бир улушда берилиши тасодиф эмас. ISI`да қайта ишланган 4623 та журнал учун ИФ қиймати 2013 йилда 0,7 дан ошмади ва ушбу параметрнинг минимал қиймати 0,001га тенг бўлди. 4623 тага киритилган 119 та рус журнали учун ўртача қиймат — 0,268 га, сочиб юборилганда эса 2,862 дан 0,009 оралиғидани ташкил этди.

Учинчидан, қандай қилиб журнал ташкил этилган йили (2015) 3.395/3.476 ИФга эга бўлди? 3−5 мақоладан иборат биринчи сонлар 2016 йилнинг баҳорида нашр этилган ва журнал аллақачон ИФга эга, у шунчалик зўрми? Кўп йиллик тажрибага эга кўплаб журналларда ҳам бундай эмас-ку.

ИФ, бу — мазкур журналда, қоидага кўра, охирги 3 йилда эълон қилинган мақолалардан иқтибос олиниш кўрсаткичидир. Демак, журнал ҳали чиқмасдан туриб ундан кўп йиллик журналларга қараганда кўпроқ иқтибос олинган экан-да.

Тўртинчидан, Нима учун SJIF Impact Factor 2019 йилда унга 6,260, ISI I.F. Value эса худди шу йили — 1,241 ИФ берган? Ва қандай қилиб машҳур бўлмаган журнал ташкил этилгандан бир неча йил ичида бундай сакрашни амалга ошира олди — 8,047!

ISI I.F.га келадиган бўлсак, ISI Institute for Scientific Information сифатида анчадан буён мавжуд эмас, ISI Impact Factor (ISI меросхўри) орқали «EPRA International Journal of Research & Development» қидирувга берилганда, «топилмади» дея жавоб бермоқда. Умуман олганда эса, ISI қисқартмали ҳар хил ташкилотлар ёлғон импакт факторлар тақдим этади.

SJIF Impact Factor`га келадиган бўлсак, у ҳам фирибгарлик билан шуғулланадиган ташкилотдир. Унинг сайтида қуйидагиларни ўқиш мумкин: SJIF баҳосига буюртма бер ва ўз журналингнинг халқаро позициясини яхшила. Бу ерда ИФ баҳоси назарда тутилмоқда. Ва бунинг учун бор-йўғи 50 доллар тўлаш керак. Мана сизга юқори IJRD баҳоси.

www.editage.com платформасидаги олимлар форумида барча иштирокчилар SJIF Impact Factor қийматлари ишончли эмаслигини ва ўз мақолаларини ИФ журналига юборган айрим олимлар ушбу қийматларнинг обрўси ҳақида билганларидан сўнг SJIF Impact Factor`дан ИФ олган журналларга берган мақолаларини қайтариб олмоқдалар.

Мен ҳиндистонлик ҳамкасбларимга мурожаат қилдим. Уларнинг жавоби: IJRD— фирибгар журнал бўлди. Ҳиндистонда таълимга масъул бўлган ҳамда мамлакатдаги илмий журналлар рўйхати чоп этиладиган Инсон ресурсларини ривожлантириш вазирлиги қошидаги University Grants Commission сайтида бундай журнал мавжуд эмас.

У (EPRA гуруҳи журналлари каби) Колорадо университети профессори Жеффри Биллнинг машҳур йиртқич журналлар рўйхатига киритилган ва ҳалигача йирик илмий базалар, жумладан Scopus ва Web of Science томонидан у ёки бу сохта илмий журнални ўз базасидан чиқариб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишда кўриб чиқилади. Ва Нашр этикаси қўмитасига кўра, EPRA журналлари «сотиладиган» журналлар сифатида таснифланади.

Мен ҳиндистонлик ҳамкасбларимиздан юқори ИФ ҳақида сўрадим. Жавоб: у — ўйлаб топилган.

Биринчи сонлар (2016 йил баҳори) 3−5 та мақоладан иборат бўлиб, бу илмий журнал учун етарли эмас, аммо йил охирига келиб уларнинг сони 20−22 тани ташкил этди, бу эса аллақачон ўртача меъёрдан ошиб кетди дегани. Янги, таниқли бўлмаган журнал ҳар бир сонида 3 та мақолани зўрға тўплаётган эди ва бирданига мақолалар тўдалашиб кетди. 2019 йилда: битта сонда 18 та мақоладан 62 тагача (!) ошди. Ўша йили ўзбек муаллифларининг илк мақолалари пайдо бўлди (бундан олдин асосий муаллифлар ҳиндлар, покистонликлар ва африкаликлар эди). Биринчи сонларда уларнинг сони кам эди — 1 кишидан 3 кишигача, декабрь сонида эса 31 нафар муаллифдан 11 нафари (барча муаллифларнинг 35 фоизи) ўзбеклар бўлди.

2020 йилда битта сонда муаллифларимиз сони 22 нафардан 136 нафаргача (!): 12-сонида: 59 та мақоладан 23 таси (38,9%), 11-сонида 136 тадан 42 таси (30,8%).), 9-сонда 92 тадан 55 таси (59,7%), 7-сонида 56 тадан 31 таси (55,3%), 6-сонида 74 тадан 65 таси (87,8%), 5-сонида 134 тадан 98 таси (73, 1%), 4-сонида 92 тадан 51 таси (55,4%), 3-сонида 169 тадан 136 таси (80,4%), 2-сонида 107 тадан 87 таси (81,3%).), 1-сонида 47 тадан 22 таси (46,8%) Ўзбекистондан бўлди. 80 фоиздан ортиғи Ўзбекистондан! Бу ҳинд журналими ёки ўзбек журналими? Журнал ҳажми ёқимсиз даражагача шиширилган. Битта сонда 169 та мақола! Мақола учун шунча одам пул тўламоқчи экан, нима учун бўлмасин экан? Уларнинг барчаси ҳам Ўзбекистондан.

Худди шунга ўхшаш вазият EPRA Journals гуруҳининг бошқа — International Journal of Multidisciplinary Research (IJMR) журналида ҳам кузатилган. Ва яна, 2021 йилнинг июнь сонида эълон қилинган 107 та мақоланинг 43 таси, май ойидаги 127 та мақоланинг 77 таси, апрель сонидаги 94 та мақоланинг 43 таси ва ҳоказо ўзбек олимларига тегишли.

IJRD ва IJMR импакт-факторларини таққослайдиган бўлсак, уларнинг бир хил эканини аниқлаймиз: 2021 йил — 8,047, 2020 йил — 7,032, 2019 йил — 5,614, 2018 йил- 5,148, 2017 йил — 4,924, 2016 йил — 32,35. Иккита бошқа-бошқа журналлар 8 йил давомида бир хил ИФга эга бўлиши мумкинми? Бу мўжизага ўхшайди. Ёки уларни битта одам ўйлаб топган.

EPRA гуруҳининг яна бир журнали — International Journal of Economic Growth and Environmental Issues (IJEG&EI). Бунда ҳам худди шундай вазият: 2021 йилнинг февраль сонидаги 11 та мақоланинг 10 таси Ўзбекистондан! Декабрда (2020 й.) — бутун бошли сон муаллифларимизнинг мақолаларидан ташкил топган бўлса, ноябрда — 10 та мақоладан 9 таси Ўзбекистондан.

Ўзбекистонлик муаллифлар шарофати билан EPRA Journals`нинг пичоғи мой устида. Улар SCIENCE OF WORLD ilmiy kanal (https://t.me/scienceofworldgroup), Web of Science (https://t.me/bilim_tajriba) Telegram каналларида эълонлар беришмоқда. Ушбу каналлар ташкилотчилари гап «ахлат» журналлар ҳақида кетаётганини билишармикан? Балки уларнинг фирибгарлар билан тили бирдир?

EPRA Journals гуруҳига ўхшаган яна бири — Genius Journals Publishing Group (GJPG) — «гениал (!) журналлар нашриёт гуруҳидир»! Сайтида нашриётнинг Брюсселда (Бельгия) жойлашгани айтилади. Шу билан нашриёт ҳақидаги маълумотлар тугайди. Компания тарихи ҳақида ҳам, унинг бошқаруви, хизматлари, янгиликлари, контактлари ва бошқалар ҳақида ҳеч нарса йўқ, фақат чоп этилган 11 та журналга ҳаволалар бор, холос. Барча журналлар 2021 йилнинг ўрталаридан бошлаб нашр этилмоқда. Улар:

  • Eurasian Scientific Herald Journal, Impact Factor 8,225
  • Eurasian Research Bulletin Journal, Impact Factor 7,995
  • Eurasian Journal of Learning and Academic Teaching Journal, Impact Factor 7,875
  • Eurasian Journal of Humanities and Social Sciences, Impact Factor 7,875
  • Eurasian Journal of History, Geography and Economics, Impact Factor 8,015
  • Eurasian Journal of Research, Development and Innovation, Impact Factor 7,892
  • Eurasian Medical Research Periodical, Impact Factor 8,120
  • Eurasian Journal of Physics, Chemistry and Mathematics, Impact Factor 7,825
  • Eurasian Journal of Media and Communications, Impact Factor 7,760
  • Eurasian Journal of Architectural Design, Impact Factor 7,985
  • Eurasian Journal of Engineering and Technology, Impact Factor 7,995

Биринчидан, журналнинг тақдим этилган ИФлари нотўғри. ИФни ҳисоблаш уч йиллик даврга асосланади, бу журналлар эса бир йилдан камроқ вақт давомида мавжуд. Ҳатто кўп йиллик журналлар бундай юқори кўрсаткичларга эга эмас. Уларга қайси рейтинг ташкилотлари берган? Ушбу маълумот сайтда мавжуд эмас. Демак, кўрсатилган ИФлар нотўғри.

Иккинчидан, барча журналлар бир хил электрон почта манзилига эга. Қандай қилиб битта манзилдан 11 та журналнинг барча муаллифлари ва рецензентлари билан оддий ёзишмаларни юритиш мумкин? Демак, мақолани ёзишмаларсиз, такомилга етказмасдан ва рецензияламасдан саҳифалаш учун қабул қилинади. Бу — «ахлат» журнал.

Учинчидан, журналларнинг манзили йўқ. Битта «манзил» (барчаси учун) кўрсатилган: Брюссель, 1040 (почта индекси), Европа квартали, Schuman Roundabout (айланма ҳаракатли майдонча). Манзил қани? Мен Брюсселдаги дўстларимга нашриётни топишда ёрдам сўраб хат ёздим. Жавоб қуйидагича: «Бу манзил эмас, уй рақами кўрсатилмаган».

Тўртинчидан, айрим сонларнинг мазмуни журнал номига мос келмайди. Масалан, «Евразийский журнал по СМИ и коммуникации» («ОАВ ва коммуникациялар бўйича Евроосиё журнали») журналининг 2021 йил 1-сонида «Ўзбекистонда гиламчилик саноатини ривожлантириш мақсадлари ва истиқболлари» ва «Ўзбекистонда ўсмир ёшидаги қизларда ҳайз олди синдромининг диагностик мезонлари ва даволашни оптималлаштириш йўллари» мақолалари чоп этилган. Бу мавзуларнинг оммавий ахборот воситаларига қандай алоқаси бор?

Ушбу журналлар таҳрир ҳайъатлари аъзоларининг аксарияти ўзбекистонликлардир. Eurasian Journal of Media and Communications журналида эса таҳрир ҳайъатининг ўзи йўқ.

Муаллифлар ҳам асосан ўзимизнинг мамлакатимиздан. Eurasian Scientific Herald: 2021 йил 2-сонидаги 18 та мақоладан -17 таси Ўзбекистондан ва 1 таси Нигериядан, 1-сонидаги 16 та мақоладан 15 таси Ўзбекистондан ва 1 таси Ироқдан. Eurasian Research Bulletin: 2022 йил 4-сонидаги барча 30 та мақола Ўзбекистондан.

Муаллифларимизнинг севимли яна бир журнали, бу — European journal of modern of molecular & clinical medicine. Эълон қилинган профилга қарамай, журналда барча мавзулар — археология, филология, иқтисод, ҳуқуқ ва бошқалар бўйича мақолалар чоп этилади. Бошқача қилиб айтганда, йиртқич журнал. Журнал ўзини европалик деб даъво қилмоқда. Таҳрир ҳайъати таркибига эса Бангладеш, Ҳиндистон, Италия, Покистон, Португалия, Судан, Таиланд, Шри-Ланка (ҳар бир давлатдан 1 киши) ва Ўзбекистондан… 16 нафар вакил киритилган.

Журнал 2018−2020 йилларда Scopus маълумотлар базаларида рўйхатга олинган. 2 йил давомида журнал ақл бовар қилмайдиган миқдордаги мақолаларни нашр этди. Фақатгина фамилияси «А» ҳарфи билан бошланган муаллифлар сони 1420 дан ортиқ. Бутун алифбони олсак-чи? Бу ўн минглаб дегани! Ҳеч бир таҳрир ҳайъати бунчалик кўп мақолаларни кўриб чиқишга қодир эмас. 47 фоиз ҳинд муаллифларининг мақолалари эди. 2-ўринда Ўзбекистон муаллифлари — 22 фоиз (317 та мақола), сўнгра Индонезия, Ироқ, Миср, Малайзия, Нигерия, Бангладеш, Эфиопия, Ливия, Судан, Шри-Ланка, Вьетнам муаллифлари. Нега журнал ўзини европалик деб атайди? 2021 йил март ойидан бошлаб Scopus журнални ўз маълумотлар базасидан чиқариб юборди.

Келинг, яна бир журнални олайлик — International Journal of Progressive Sciences and Technologies. Мақолалар 100 га яқин фанлар бўйича қабул қилинади. Index Copernicus Value (Польша) бўйича ИФ — 80,38 (!!!). Олимларнинг ушбу индексга нисбатан кескин танқидий муносабатини тушуниш учун бир неча дақиқа «гуглинг» қилиш кифоя. Журнал Испанияда нашр этилади, аммо етти муҳаррирдан олти нафари (!) Ўзбекистондан. Қарийб ҳар бир сонда Ўзбекистондан муаллифлар бор.

Аммо АҚШда бундай фокуслар ўтмайдиганга ўхшайди. Лас-Вегасда «нашр қилинган» American Journal of Social Science and Education Innovations журналини олайлик. Таҳрир ҳайъатининг 36 нафар аъзосидан 27 нафари Ўзбекистондан. Редколлегиянинг бир аъзоси Эфиопия, бир нафари Танзания, икки нафари Нигерия, бир нафари БАА ва бир нафари Руминиядан. Охирги сонни олайлик. 17 та мақоладан 15 таси Ўзбекистон, 1 таси Нигерия ва 1 таси Бангладешдан. Оддий Америка журнали!

Варшавадаги Polish Science Journal журналини олайлик. Таҳрир ҳайъатининг 9 аъзосидан 8 нафари Ўзбекистондан ва 1 нафари Польшадан. Охирги сонида 91 та мақола бор. Бир муаллиф Молдовадан, бири Қозоғистондан, қолган 89 нафари эса фақат польшалик эркак ва аёллар, фақат исм-шарифлари ва ОТМлари ўзбекларники. Мақолаларнинг ярми ўзбек тилида.

Ўзбекистон файласуфларининг яна бир севимли «скопус» журнали Philosophical Readings ўғри журналлар тоифасига киради. Ҳақиқатдан ҳам 2015 йилдан бери Scopus`да индексланган Испаниянинг ҳурматга сазовор Philosophical Readings журнали мавжуд (ИФ 2020 йилда: CiteScore`дан — 0,1; SJR`дан — 0,100; SNIP`дан — 0,084; эътибор қилинг 6, 9 ёки 80 эмас) ва унинг бизнинг файласуфларимиз мақолаларини чоп этадиган «қиёфадоши» бор.

Philosophical Readings журнали ташкил этилганида philosophicalreadings.org домени сотиб олинган. Кейинроқ https://virgo.unive.it/ojs2 сайтида эълон қилиш бошланди. Буни билган фирибгарлар аввалги доменни сотиб олишди ва (скопусдаги) журнал номидан мақола эълон қилиш таклифини тарқатишга ўтишди. Нарх — 50 та мақола учун 50 доллар: яъни ҳар бир мақола учун бир доллардан.

Яна бир журнал — Theoretical and Applied Science. Журнал сайтида унинг Францияда рўйхатдан ўтгани ва асосчиси Америка ташкилоти экани кўрсатилган. Алоқа қилувчи шахс — Виктория (?), телефон рақами Олмаота коди билан. Бош муҳаррир Тараз шаҳридан. Пуллар унинг шахсий ҳисобига юборилади.

Журнал ўз сайтида 0,360 (IF OAJI, АҚШ), 0,564 (GIF, Австралия), 1,582 (ISI, БАА) ва… 9,035 (IF ESJI, Қозоғистон) импакт факторларини санаб ўтади. Бунга ким ҳам шубҳа қиларди.

Таҳрир ҳайъатининг 37 нафар аъзосидан 16 нафари Ўзбекистондан. 2021 йил 12-сонда — 157 та мақоладан 138 таси (!) Ўзбекистондан. 11-сонида -147 та мақоланинг 127 таси Ўзбекистондан. 10-сонда — 111 таси Ўзбекистондан. Журнал Францияда рўйхатдан ўтган, асосчиси АҚШдан, алоқа вакили Олмаотадан, Таразга пул жўнатиш керак, муаллифларнинг 90% дан ортиғи Ўзбекистондан!

Яна бир журнал British View («Британча назар»). Таҳрир ҳайъатининг 26 аъзосидан 12 нафари Ўзбекистондан. 2022 йилдаги янгироқ сонини (vol. 7, N 1) оламиз. Ушбу сонда бор-йўғи 2 та мақола чиққан ва иккиси ҳам Ўзбекистондан; 2021 йил N1, vol. 6, — 10 мақола, барчаси Ўзбекистондан. Соф британча назар!

Ва булар муаллифларимиз мақолаларини эълон қиладиган «рейтинг» журналларининг бир қисми, холос.

Кўриб чиқилган барча журналлар юқори импакт факторларни бермоқда, аслида эса уларнинг барча ёлғон. Мана, Science Insight`га кўра ёлғон ИФ беридаган ташкилотлар: Cite Factor, DOI Indexed Journals IF, Global IF, IndexCopernicus, Institute for Scientific Information (ISI), International Scientific Indexing (ISI), International Scientific Institute (ISI), Journal IF, Science IF, Universal IF. Ва бундай ташкилотлар 30 тага яқинроқ.

Аттестация вақтида ўзининг илмий иши ҳақида икки оғиз гапни айта олмайдиган, лекин «юқори» импакт факторли журналларда мақолалари чиққан одамлар мана шундай қилиб аттестациядан ўтадилар, ҳимоя қиладилар ва илмий карьера қиладилар.

Сайёрада барчадан олдинда

Бир неча йил олдин сохта журналларда мақолалар чиқариш бўйича етакчиликни Қозоғистон эгаллаб олган эди. Ҳатто Қозоғистон — «йиртқич журналлар»даги мақолалар бўйича жаҳон етакчиси деган мақола ҳам чоп этилган эди. 2013 йилдан 2017 йилгача Scopus`дан чиқариб юборилган журналларда чоп этилган 3295 та мақола аниқланган. Бунинг учун 43 та университетдан 42 таси фош бўлган. Ҳатто Давлат бошқаруви академиясида ҳам мақолаларнинг 65 фоизи ноҳалол журналларда эълон қилинган. Павлодар педагогика университетида эса 89%.

Бугун эса Ўзбекистон биринчиликни ўз қўлига олди. Интернетда Ўзбекистон «ахлат» журналларда эълон қилинган мақолалар сони бўйича биринчи ўринда тургани акс этган жадвал тарқалмоқда. 2021 йилда эълон қилинган бир мақолада (B. Eshchanov ва бошқалар) қайд этилишича, Ўзбекистон Scopus базасидан чиқариб юборилган журналлар муаллифлари рўйхатида етакчилик қилмоқда. Муаллифлар 2016 йилдан 2019 йилгача хорижда мақола эълон қилган ўзбек олимлари сонини ҳисоблаб чиқди. 2018 йилда ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг 90 фоизи ишончни қозонмаган халқаро журналларда мақолалар чоп этишган: «100 та мақоладан 98 таси йиртқич журналларда чоп этилган».

Фирибгарлик бумеранги нималарга олиб келади?

Фирибгар журналларда мақолалар эълон қилиш мамлакат учун нимани англатади?

Бу Ўзбекистон илм-фанига бевосита зарар. Илмий иш билан олимнинг эътирофи ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқ — на маънавий ва на моддий. Мақолаларни кераксиз журналларга топшириш кифоя (50 та мақола учун 50 доллар, энг ёмони, ҳаммуаллифликда биродарига ўнта) ва ҳамма нарсага эришиш мумкин — даража, унвон, лавозим ва нафақалар.

Қанча олимларимиз фирибгарлар томонидан ташкил этилаётган лохотрондан ўтишмоқда? Минглаб. «Ахлат» журналлардаги мақолаларга турли устамалар учун қанча бюджет маблағлари сарфланди? Ушбу маблағлар тадқиқотлар сифати ва олимларимизнинг обрўсини оширишга эмас, бунга зид нарсаларга сарфланди.

Давлат маблағларининг фирибгар журналларда мақолалар чиқарилишини рағбатлантиришга сарфланаётгани нафақат илм-фанни ерга уриш, балки илмий ҳамжамият вакилларининг маънавий асосларига бевосита путур етказиш ҳамдир. Давлатимизнинг бундан хабари борми? Илм-фандаги бу каби имитациялар ва илмий-педагогик корпуснинг ахлоқий эрозияси оқибатлари ҳақида ҳисобот берадими?

Бугун бутун дунёда бундай журналларга қарши кураш олиб борилмоқда. 2016 йилда АҚШ Федерал Савдо Комиссияси OMICS Publishing Group, iMedPub ва Conference Series нашриётларига нисбатан «ўз нашрларининг моҳиятига нисбатан … ёлғон ишлатганликлари ва юзлаб доллардан минглаб долларларгача бўлган нашр тўловларини яширганликлари» учун даъво киритди.

Scopus ҳар йили ўз маълумотлар базасидан фаолиятида фирибгарлик белгиларини кўрсатадиган журналларни чиқариб ташлайди. Бугунги кунда уларнинг сони 300 дан ошди. Нашр этикаси қўмитаси талабларига жавоб бермайдиган сотилган журналлар рўйхати чоп этилмоқда.

Россияда 2020 йилда Фанлар академияси комиссияси «Scopus ва WoS`даги хорижий йиртқич журналлар: таржима плагиати ва россиялик ноҳалол муаллифлар» ҳисоботини нашр этди. Унда ушбу муаллифлар ва улар ишлайдиган университетлар рўйхати келтирилган.

Хитойда ҳам бундай журналларга қарши кураш дастури ишга туширилди. Биринчи мақола аниқланганидан сўнг муаллиф огоҳлантириш олади, иккинчи мақоладан кейин эса ташкилий хулосалар чиқарилади. Бундай нашрларга рухсат берувчи университетларни молиялаштириш қисқартирилади.

Қозоғистонда қозоғистонлик муаллифларнинг фирибгар журналлардаги иштироки ҳақида бир қанча ошкора мақолалар чоп этилган. Ҳалол университетлар лигасини яратиш ғояси илгари сурилди.

Нима қилиш керак?

Ўзбекистонда ҳам бу каби кураш олиб бориляптими? Йўқ. Илм-фан ва олий таълим соҳаси мутасаддиларининг жавобгарлик чоралари қандай? Муаммо ҳақида билиб, унга кўз юмган ҳолда фирибгарларнинг шерикларига айланмоқдалар-ку.

Ўзбек олимларининг сохта журналларда чоп этилаётган нашрлари оқимини тўхтатиш учун нима қилиш керак? Илм-фаннинг қарийб қонуний профанациясидан қандай қутулиш мумкин?

Биринчидан, Билл рўйхатини расман тасдиқлаш.

Иккинчидан, унга янги журналларни қўшиш. Олимларимизнинг охирги 5 йилдаги мақолалари кўрсатилган ҳисоботларини олиб, уларни «ахлат» журналларга алоқадорлигини текшириш ва улар натижалари бўйича Билл рўйхатини кенгайтириш.

Учинчидан, Ўзбекистон олимларининг фирибгар журналлардаги мақолалари муносабати билан инвентаризациядан ўтказиш ва уларнинг позицияларини қайта кўриб чиқиш. Бу каби журналларнинг таҳрир ҳайъатларига аъзоликни илмий хизмат сифатида кўрмаслик.

Бу каби журналлар фаолиятидаги иштирокни Ўзбекистон олимлари обрўсига етказиладиган зарар сифатида кўриш, бу каби журналлардаги фаолият натижасида олинадиган даромадларни эса фирибгарликнинг бир кўриниши сифатида баҳолаш. Бу каби журналлардаги «мақолалар»ни илмий деб кўрсатишни тақиқлаш, ОТМлар, ИТИлар, ФА, ОЎМТВ, ОАК ва Инновациялар вазирлигига ушбу журналлардаги мақолаларни ҳисобга олишни тақиқлаш.

Тўртинчидан, нашр этикаси қўмитаси талабларини ҳисобга олган ҳолда илмий журналлар кодексини ишлаб чиқиш. Илмий журналлар, жумладан, штатларни молиялаштиришга мажбурий ажратишни кўзда тутиш.

Бешинчидан, диссертациялар, аттестациялар, мукофотлар, устамалар, имтиёзлар ва бошқаларни тақдим этишда эътиборга олиниши керак бўлган халқаро ва миллий маълумотлар базаларининг кенгайтирилган рўйхатини тузиш.

Олтинчидан, монографиялар (айниқса, фундаментал, шунингдек, хорижда нашр этилган), монографиялардаги бўлимлар, брошюралар ва халқаро конференциялардаги маърузаларни юқоридаги имтиёзларни беришда ҳисобга олинадиган нашрлар рўйхатига киритиш.

Еттинчидан, имтиёзларни тайинлашда халқаро грантлардаги иштирок ва ғалабалар, хорижий (фирибгарликсиз) журналлар таҳририятларида иштирок этишни ҳисобга олиш.

Саккизинчидан, мамлакат журналларини халқаро ва миллий маълумотлар базаларига киришга йўналтириш. Уларнинг киритилишлари учун йўл харитасини ишлаб чиқиш ва биргаликда мониторингини юритиш мақсадида улар билан ишлаш.

Тўққизинчидан, МДҲ мамлакатларига (ШҲТ) Евроосиё библиографик ва рефератив маълумотлар базасини яратиш бўйича ташаббус билан чиқиш. Uzbek Science Citation Index (UzSCI) яратиш ва Web of Science`га Россия, Хитой ва Кореяда бўлгани сингари Ўзбекистоннинг ҳам энг яхши журналларини жойлаштирадиган платформа яратиш таклифини киритиш.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун Фанлар академияси ёки Инновация вазирлиги ҳузурида илмий журналларни тоифалар бўйича тегишли рейтинги билан сертификатлаш бўйича махсус комиссия тузиш зарур.

Аминманки, бу ташаббусларнинг барчасини амалга ошириш мумкин ва улар илм-фанимиз манфаатларига хизмат қилади, илмий изланишлар сифати ва мамлакатимиз олимларининг жаҳон илмий ҳамжамиятидаги нуфузини оширади. Бу эса зарурий шарт бўлиб, усиз инновацион жамият сари одимлаб бўлмайди.

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Валерий Хан Ҳиндистон, Қозоғистон, Россия, Туркия, Ўзбекистон ва Жанубий Кореяда чоп этилаётган илмий журналлар, жумладан BLA International Bibliography, EBSCO, Scopus ва Web of Science платформасидаги RSCI базаларида индексланувчи журналлар таҳрир ҳайъатлари аъзоси.