UzAuto Motors янги автомобилларига шартнома тузиш бошланган куннинг ўзидаёқ, сотилган автомобилларнинг аксарияти қайта сотиш эҳтимоли билан сотиб олинган бўлиши мумкин. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Бунга бир киши томонидан икки ва ундан ортиқ автомобилга шартнома тузилганлиги ҳақидаги маълумотлар сабаб бўлди. Энг эътиборли ҳолат, бир вақтнинг ўзида бир шахс томонидан 35 та автомобиль учун шартнома тузилган. Сотувнинг биринчи куни жами 13 203 та автомобилга тузилган шартномалардан 6 836 таси (52%) шу тарзда тузилган, дейилади хабарда.

««Тадбиркорлар»нинг осон даромад топишга бўлган юқори қизиқиши, энг аввало, ўз эҳтиёжлари учун автомобиль сотиб олмоқчи бўлган истеъмолчилар учун ноқулайликларни юзага келтириб, ортиқча талабни шакллантиради», — дея қайд этди UzAuto Motors.

Шунингдек, компания «бизнесменлар»нинг эмас, аксинча аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун приоритетлар тизимини жорий қилганини маълум қилди. Унга кўра, машиналар қайта сотиш учун эмас, балки шахсий эҳтиёжи учун автоулов сотиб олаётган мижозларга етказиб бериш биринчи ўринга қўйилади.

«Автомобилларни қайта сотиш эҳтимоли билан тузилган шартномалар аниқланган тақдирда, компания шартнома шартларига мувофиқ (3.1.2 бандга мувофиқ) автомобилни етказиб бериш муддатини қўшимча 120 кунга оширади. Шу муносабат билан, харидорлардан шартномани имзолашдан олдин унинг барча бандлари билан тўлиқ танишиб чиқишларини илтимос қиламиз», — дея огоҳлантирди автомобиль ишлаб чиқарувчиси.

Компаниянинг фикрича, бу чора-тадбирлар автомобилларни харидорларга етказиб бериш муддатини қисқартиради ва аҳолининг талабини қондиради.

Ваъда қилинган муддатдан бир ой ўтиб, 3 март куни UzAuto Motors Chevrolet Lacetti, Cobalt, Nexia ва Spark автомобиллари учун шартномалар беришни қайта тиклади. Компания бир қатор моделлар нархини ҳам оширди.

Февраль ойида «Ўзавтосаноат» бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов Uzauto Motors автомобилларини харид қилишдаги навбатлар бузилиши дилерлар берган ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда содир бўлаётганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, компания машина олишдаги навбатларни айланиб ўтиш ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида савдо маълумотлар базасини ЙҲХББ маълумотлар базаси билан интеграциялашни режалаштирмоқда.