Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Шофиркон тумани тиббиёт бирлашмасида ўтказган текширувларда 1 млрд 273,5 млн сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилгани маълум бўлди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, бирлашмада мансабдор шахслар томонидан бюджет маблағлари мақсадсиз сарф қилинган. Ўзлаштириш ва талон-торож қилиш ҳолатлари, аслида ишламаган ходимлар учун ойлик иш ҳақлари тўлаб келиниши, тиббиёт техникаларини сотиб олиш, пуллик тиббий хизмат кўрсатишдан тушган маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши аниқланган.

Хусусан, ходимларга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар учун 890,5 млн сўм ҳисоблаб сарфланганлиги натижасида жуда кўп миқдорда смета-штат интизоми бузилган, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, 383 млн сўмлик бюджет маблағлари турли хил ноқонуний йўллар, жумладан, тиббий ускуналарни қиммат нархларда харид қилиш орқали кўп миқдордаги бюджет маблағлари растрата йўли билан талон-торож қилинганлиги айтилмоқда.

Шунга мувофиқ, Шофиркон тумани тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 184−1-моддаси (бюджет ва смета-штат интизомини бузиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирги пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.