Йил бошидан бери хорижда вафот этган 323 нафар ўзбекистонликлар жасади олиб келинди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Ўзбекистонга 8 ой ичида хорижда вафот этган 323 нафар фуқаро жасади қайтарилди. Агентлик шунингдек 271 нафар хорижда қийин аҳволда қолган фуқароларнинг қайтарилишида кўмаклашди.

Январь-август ойларида қарийб 175 минг никоҳ ҳолатлари қайд этилган

Январь-август ойларида Ўзбекистонда жами 174 998 та никоҳ ҳолатлари қайд этилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36 288 тага кўп.

«Асосийси, Афғонистонда гуманитар инқирознинг олдини олиш» — Содиқ Сафоев

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Афғонистонда, биринчи навбатда, гуманитар инқирознинг олдини олиш кераклигини таъкидлади. «Бунинг учун биз мамлакатдаги ҳақиқий реал ҳокимият билан иш олиб боришимиз керак. Бошқа йўл йўқ», — деди у.

Марҳум олим Андрей Кубатин Халқаро туркий академиянинг олтин медали билан тақдирланди

Марҳум олим Андрей Кубатин Нурсултон шаҳрида жойлашган Халқаро Турк Академиясининг олтин медали билан тақдирланди. Кубатин мазкур академияда 2014 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб ярим йил фаолият кўрсатган.

Москва метросида ўзбек ва тожик тилларидаги ёзувлар пайдо бўлди

Россия пойтахтидаги «Лесопарковая» метро бекатида ўзбек ва тожик тилларидаги йўл кўрсаткичлар пайдо бўлди. Мазкур бекатдан миграция марказига автобуслар қатнови мавжуд.

Мақсуда Ворисова, Баҳром Абдуҳалимов ва Шавкат Мирзиёев президентликка номзодлар сифатида рўйхатга олинди

Марказий сайлов комиссияси ХДПдан Мақсуда Ворисова, «Адолат»дан Баҳром Абдуҳалимов ва ЎзЛиДеПдан Шавкат Мирзиёевни президентликка номзодлар сифатида рўйхатга олди.

Мактаб ўқувчиларининг лимондан ток олиш тажрибасини телеканал «кашфиёт» деб атади

«Ўзбекистон 24» телеканалининг «Факт 24» кўрсатувида Намангандаги мактабда лимондан электр токи олиш тажрибаси кўрсатилди. Кўрсатувда мазкур тажриба «кашфиёт» дея, таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижаси деб аталди.

Ўзбекистонда Маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтмоқда

Тошкент, Хива ва Нукусда маданий мерос ҳафталиги ўтказилмоқда. Форум дастуридан Камолиддин Бехзод миниатюралари кўргазмаси, Жамол Усмонов суратлар кўргазмаси, Ўзбекистон қўлёзмалари, шунингдек, археолог Леон Баршчевский фотокўргазмаси ўрин олган.

Тошкентда дзюдочи Камолиддин Расулов пичоқлаб ўлдирилди

Пойтахтнинг Учтепа туманида қашқадарёлик дзюдочи Камолиддин Расулов пичоқлаб ўлдирилди. Уни ўлдирганликда бошқа спортчи гумонланмоқда.

«Миллий тикланиш» партияси TikTok`ни бутунлай блоклашни таклиф қилди

«Миллий тикланиш» демократик партияси TikTok ижтимоий тармоғини болалар учун хавф майдони деб атаб, унинг фаолиятини бутунлай чеклашни таклиф қилди.

Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Расулов вафот этди

Душанба куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти «Миллий қўшиқчилик» кафедраси профессори, Ўзбекистон халқ артисти, созанда Ўлмас Расулов 70 ёшида вафот этди.

Президент сейсмик хавфсизлик тўғрисидаги қонунни имзолади

Президент «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида"ги Қонунни имзолади. Унда фуқароларга ушбу соҳадаги қонунчилик талабларига амал қилиш ва зилзилага қарши чоралар кўриш мажбуриятлари юкланган.

Ёшлар учун yoshsaylovchi.uz электрон платформаси ишга тушди

Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев ёшлар учун yoshsaylovchi.uz электрон платформаси ишга туширилганини эълон қилди. Платформа орқали сайлов участкасини аниқлаш ва сайловда кўнгилли ёки тренер сифатида қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш мумкин бўлади.

Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Россия давлат раҳбари Владимир Путин билан телефонда мулоқот қилиб, Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди. Президентлар бўлажак учрашувлар режасини ҳам кўриб чиқишди.

Ўзбекистон Афғонистонга катта партияда гуманитар ёрдам юборди

Сешанба куни Ўзбекистон Афғонистонга 1,3 минг тонналик инсонпарварлик юкини юборди. Ўз ичига озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва кийим-кечакларни олган ушбу гуманитар ёрдам муҳтож афғон оилаларига тарқатилади.

Афғонистоннинг янги ҳукумати Ўзбекистон президентига ёрдам учун миннатдорлик билдирди

Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга инсонпарварлик юки учун миннатдорлик билдирди. Балх вилояти губернатори Қудратилло Абу Ҳамзанинг сўзларига кўра, ушбу ёрдам мамлакатда юзага келиши мумкин бўлган гуманитар ва озиқ-овқат инқирозининг олдини олишга хизмат қилади.

«Трест-12» 11,5 млрд сўмдан ортиқ дивидендлар тўлайди

«Трест-12» компанияси 2020 йилги соф даромадидан 11,51 млрд сўм миқдорида дивидендлар тўлайди. Акционерлар орасидан жой олган қурилиш вазирининг рафиқаси ва ўғлига 3,1 млрд сўм ажратилади.

Андижонлик фуқаро шаҳар ИИБ ходимлари томонидан калтакланганини айтмоқда

Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ходимлари томонидан Андижонлик фуқаронинг калтаклангани айтилган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Ушбу бўлимнинг собиқ ходимлари 2020 йилнинг ноябрь ойида 44 ёшли эркакни қийноққа солганликлари учун озодликдан маҳрум қилинган эди.

Букмекерлик фаолияти билан шуғулланишга фақат Ўзбекистон резиде нтларига рухсат бериш таклиф этилди

Қонунчилик палатаси аъзоси Дониёр Ғаниев фақатгина Ўзбекистон резидентларига букмекерлик билан шуғулланишга рухсат беришни таклиф қилмоқда. Депутат норезидент букмекерларга Ўзбекистон банк тизимидан тўловлар амалга оширилишини тақиқлаш кераклигини ҳам айтди. Шунингдек, у тотализаторларни реклама ва тарғибот қилишга рухсат бермаслик ҳамда жисмоний шахслар учун «ставка"ларнинг максимум чегарасини белгилаш таклифини илгари сурди.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган «Спутник V» вакцинаси октябрь ойида бозорга чиқарилади

Jurabek Laboratories компанияси Россиянинг коронавирусга қарши «Спутник V» вакцинасини серияли ишлаб чиқаришни бошлади. Компания вакилининг айтишича, препарат ички бозорга октябрь ойида чиқади.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

«Бизники каби жамиятларда жуда ғалати қараш бор: аёл киши ё оилада, ё карьерада мувафаққиятли бўла олади». Вилоятлардан пойтахтга келган қизлар билан суҳбат (1-қисм)

«Газета.uz» Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан Тошкентга келиб ўқиётган ва турли соҳаларда фаолият олиб бораётган ҳамда жамиятда ўз ўрнига эга бўлиб бораётган қизлар билан суҳбат уюштирди. Улар қандай мақсад билан пойтахтга келганлиги, жамиятда аёллар ва қизларга бўлган муносабат, атрофдаги стереотиплар ҳамда тенгдошлари ва ёш қизларга қандай маслаҳатлар беришлари ҳақида сўзлаб беришди.