Душанба куни «Ўзбекистон 24» миллий телеканалининг «Факт 24» кўрсатувида Наманган вилоятидаги мактабдан жонли репортаж намойиш этди. Унда ўқувчилар лимондан электр токини олишнинг машҳур тажрибасини кўрсатганлар.

Лимондан (шунингдек олма, киви, картошка, бодринг, тупроқ ва ҳоказолардан) электр токи олиш мумкинлиги — барчага маълум бўлган факт. Бироқ кўрсатувда ушбу тажриба «кашфиёт» деб аталган.

Жонли эфир бошида журналист лимонни қўлида ушлаб, ундан ток олиш назарияда мавжудлиги ҳақида гапиради. «Лекин буни амалиётда кимлар жорий қиляпти?» деб савол беради. Сўнг: «Намангандан янгилигимиз бор… Буни кашфиёт десак ҳам муболаға бўлмайди», — дейди у.

Ўқувчи учта лимонга мис ва рух пластинкани суқиб, уларни симлар билан улаб, тажрибани намойиш этади. Сўнг у вольтметрни улайди, унинг ўқи кучланишни кўрсатиб, ҳаракатлана бошлайди.

Журналист саволлар беради: «Қанча қувват беради? Бундан қайси жараёнларда фойдаланса бўлади? Мисол учун лампалар ёнадими?»

Ўқувчи ва ўқитувчи 2 вольтдан 4 вольтгача бўлган кучланиш бериши, паст кучланишли неон лампаларни ёнишида фойдаланиш мумкинлиги ҳақида таъкидлайди. «Бу лимондаги кислотага боғлиқ бўлади», — деб қўшимча қилади ўқитувчи.

Сўнг репортажда ўқувчилар гидропоника ёрдамида ўсимликлар ўстирадиган мини-иссиқхона кўрсатилади.

Репортажни якунлар экан, журналист буларнинг барчаси Ўзбекистонда охирги беш йил ичида президент томонидан таълим соҳасига қаратилаётган эътибор натижаси, деб таъкидлайди.

Аввалроқ, 10 сентябрь куни Наманган вилояти ҳалқ таълими бошқармаси ўзининг Telegram-каналида ушбу мактабда «лимон ёрдамида инновацион усулда электр токи ҳосил қилинганлиги» ҳақида хабар берган.

«Учқўрғон туманидаги 1-умумтаълим мактабида физика фанидан навбатдаги тажриба чоғида лимон ёрдамида электр токи олишга муваффақ бўлинди», — деб ёзди бошқарма.

«Ўқувчилар вольтметр ва зарур ускуналардан фойдаланган ҳолда лимондан электр токи ҳосил қилишди. Уларнинг бу амалиёти бошқа ҳудудларда тенгдошлари ҳали қўл урмаган ўзига хос тадқиқотдир», — дейилади матнда.