14 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Мақсуда Ворисова, Баҳром Абдуҳалимов, Шавкат Мирзиёев президентликка номзодлар сифатида рўйхатга олинди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Ушбу сиёсий партиялар томонидан 9−10 сентябрь куни тегишли ҳужжатлар ва Ўзбекистон президентлигига кўрсатилган номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари тақдим этилган эди. Шундан сўнг, имзо варақалари МСК Экспертлар гуруҳи томонидан текшириб чиқилди.

Халқ демократик партияси номзоди Мақсуда Ворисова учун 225 мингдан ортиқ сайловчининг имзоси тўпланган бўлса, «Адолат» номзоди Баҳром Абдуҳалимов учун 213 мингдан ортиқ имзо тўпланган. ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёевни қўллаб-қувватловчи жами 300 мингдан ортиқ сайловчининг имзоси тўпланган.

Йиғилишда мутахассислар ҳар бир имзо варақасини визуал ўрганиш жараёнида, уларнинг тўғри тўлдирилгани, тузатишлар киритилгани, ўчириб ёзилган тузатишлар борлиги, турли шахслар томонидан тўлдирилгани, ўхшаш имзолар ва тасдиқланган тузатишлар мавжудлигига эътибор қаратишгани таъкидланди.

Эксперт гуруҳининг хулосасига асосан тақдим этилган имзо варақалари номзодларни рўйхатга олиш учун етарли миқдорда тўпланган ва қонун талабларига мос келади деб қайд этилди.

Мажлис давомида Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ворисова Мақсуда Азизовна, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимович ва Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Мирзиёев Шавкат Миромонович Ўзбекистон президентлигига номзодлар этиб рўйхатга олинди.

Сайлов кодексининг 40-моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси номзодлар рўйхатга олинганидан кейин беш кун ичида тегишли сайлов комиссияси рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни номзоднинг фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини (машғулотининг турини), иш ва яшаш жойини, шунингдек уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда эълон қилади.

11 сентябрь куни МСК Миллий тикланиш партиясидан Алишер Қодировни ҳамда Экологик партиядан Нарзулла Обломурадовни президентликка номзод сифатида рўйхатга олган эди.