13 сентябрь оқшомида Андижонда йўл транспорт ҳодисаси туфайли шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходимлари ва фуқаро ўртасида жанжал содир бўлди.

Воқеа ҳақида блогерлар Зафарбек Солижонов ва Нурбек Алимов ўз Telegram-каналларида хабар беришди. Улар эҳтимолий жабрланувчининг ўзи томонидан тайёрланган видеоларини эълон қилишди. Видеода бўлимда ҳайдовчи бўлиб ишлаётган эркак видео муаллифига куч ишлатиб, калтаклаганлиги қайд этилган.

Бош прокуратуранинг хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 14 сентябрь куни Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, тергов устидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 44 ёшли Алижон Абдукаримов Андижон ИИО ФМБ 4-сон ИИБда қийноққа солиниши натижасида вафот этган эди. Унинг ўлимида айбдор деб топилган ички ишлар органлари ходимларига 10, 9 ва 8,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.

Шу йилнинг июль ойида Андижон шаҳар депутати Жаҳонгир Жиянов шаҳар ИИБ ходимлари фуқаронинг қўлини синдиргани ҳақида хабар берди. Бош прокуратура Андижон шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ўтказаётганини маълум қилган эди. ИИВ матбуот котиби эса фуқарога ИИБ ходимлари томонидан жароҳат етказилганини рад этди. Ўшанда вилоят ИИБ ходимлар фуқарони уйига олиб боришганида унинг танасида жароҳатлар бўлмаганини, буни гувоҳлар ва камералардаги ёзувлар тасдиқлаганини таъкидлаган эди. Шаҳар прокуратураси ҳолатни ўрганиши ҳақида маълум қилган эди, лекин ўрганиш натижалари ҳақида маълумот берилмади.