Бош прокуратура матбуот хизмати бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг Туркияда икки эркак билан мулоқот қилаётгани акс этган видеога изоҳ берди.

Видео остида бош прокурор қидирувга берилган ва ҳозирда Туркияда қочиб юргани айтилган Шерали ва Абдували Абдуллаев билан «хуфиёна» учрашгани, бироқ учрашувда нима ҳақда гап боргани маълум эмаслиги таъкидлаган. Хабарда суд «Улгуржисавдо» акциядорлик жамиятига нисбатан жиноят содир этмаган дея ҳукм чиқарган Абдувалининг ўғли Раҳматилла Абдуллаев ҳам қайд этилган.

Бош прокуратура хабарига кўра, 2−4 январь кунлари Ниғматилла Йўлдошев меҳнат таътили даврида саломатлигини тиклаш мақсадида ўз ҳисобидан Туркияга бориб, Medipol Mega тиббиёт клиникасида даволаниш муолажаларидан ўтган. Туркияда унга аввалдан таниши бўлган Азим Жўрабоев (видеода қора рангли курткада) ҳамроҳлик қилган.

«Бош прокурор Азим Жўрабоев билан клиникада гаплашиб турган вақтида уларнинг олдига асли фамилияси Собиржанов (хабарда Шерали Абдуллаев деб кўрсатилган) бўлган Шерали исмли шахс келиб, ўзини таништиради. Шу вақтда улар клиникага келиши сабаблари ҳақида суҳбатлашишади. Шерали Собиржанов клиникага ўзининг фарзандини даволанишга олиб келганлигини айтиб, бош прокурорни таниб қолгани учун улар билан ҳамсуҳбат бўлишга ёнларига келганини тушунтиради. Шундай қилиб, видеода бош прокурор ёнида турган икки шахснинг бири Шерали Собиржанов бўлса, иккинчиси Абдували Абдуллаев эмас, балки Азим Жўрабоев бўлган», — дейилади хабарда.

Идора матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, Ниғматилла Йўлдошев Шерали Собиржонов билан аввалдан таниш эмас ва қидирувда эканидан хабари бўлмаган.

Ниғматилла Йўлдошев. Фото: СенатНиғматилла Йўлдошев. Фото: Сенат

Абдували Абдуллаев ва Шерали Собиржоновлар ўзи ким?

БП маълумотларига кўра, Абдували Абдуллаев 2018 йил 10 май куни Baxmal Juice Master МЧЖга банкдан 1,1 млн доллар кредит олиб, кредит қарздорлигининг 633 минг долларини қасддан қопланмагани оқибатида гаровидаги O‘zengilulgurjisavdo МЧЖга тегишли мулк (маъмурий бино) банк тасарруфига ўтиб кетган. Шу боис жамият манфаатига катта миқдорда зарар етказилган.

«O‘zengilulgurjisavdo» МЧЖ таъсисчиларининг аризасига асосан 2021 йил 25 январь куни Абдуллаевга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши доирасида айбланувчи Абдуллаевга жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айб эълон қилиниб, суднинг ажрими билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари айбланувчи қаерда экани номаълум бўлгани сабабли вақтинча тўхтатилган.

Бош прокуратуранинг таъкидлашича, жиноят иши доирасида Абдували Абдуллаевнинг ўғли Раҳматилла Абдуллаев ҳам Жиноят кодексининг 168- (Фирибгарлик), 233- (Банд солинган мулкни қонунга хилоф равишда тасарруф этиш) ва 184-моддалари (Солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш) билан тузилган айблов хулосасига кўра айбланувчи сифатида жалб қилинган.

Яккасарой туман судининг 2022 йил 13 июнидаги ҳукмига кўра, Раҳматилла Абдуллаев Жиноят кодексининг 184-моддаси билан айбли деб топилган ва унга жарима жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 168- ва 233-моддалари билан эса айбсиз деб топилиб, реабилитация қилинган.

Тошкент шаҳри суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 сентябрдаги йилдаги ажрими билан юқоридаги суд ҳукми ўзгаришсиз, Яккасарой туман прокурорининг апелляция протести ва шикоятлар қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 28 февралдаги ажрими билан апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 сентябрдаги ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгитдан апелляция инстанцияси судида кўриб чиқиш учун юборилган. Иш Тошкент шаҳри прокурорининг протести ва фуқаровий даъвогарнинг шикояти асосида кўрилган.

Тошкент вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йилл 26 июндаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ҳукми бекор қилинган. Раҳматилла Абдуллаев Жиноят кодекснинг 168- ва 184-моддалари билан айбли деб топилиб, 4 йил 6 ой озодликни чеклаш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Олий суднинг кассация инстанцияси ушбу суд ҳукмини бекор қилиб, ишни яна апелляция судига юборган.

Тошкент шаҳри суди апелляция инстанциясининг 2024 йил 24 апрелдаги ажримига кўра, Яккасарой тумани судининг 2022 йил 13 июнда дастлаб чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган. Яккасарой туман прокурорининг Раҳматилла Абдуллаевни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди, 233-моддаси 1-қисми ва 184-моддаси 3-қисми билан айбли деб топиб, жазо тайинлаш ҳақидаги прокурор протести ва жабрланувчиларнинг шикоятлари рад қилинган.

Ҳозирда Бош прокуратура томонидан юқоридаги аппеляция ажримига нисбатан тафтиш тартибида прокурор протести келтириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Иккинчи шахс — Шерали Собиржанов эса Orental Fresh Food МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаб келиб, банкка сохта контрактларни тақдим этган ҳолда ҳақиқий бозор нархи 494 минг 438 долларлик музлатгич ва 430 минг 182 долларлик қуритиш жиҳозлари учун жами 1 млн 597 минг 630 долларини Хитой давлатига тўлаб бериб, 673 010 долларини талон-торож қилган.

Унга нисбатан 2019 йил 20 июль куни Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ва бошқа моддалар билан сиртдан айблов эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қидирув эълон қилинган.

Жиноят иши Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментининг иш юритувида бўлиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган.