«Газета.uz» Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан Тошкентга келиб, ўз ҳаётини қураётган, ўқиётган ва ишлаётган қизлар билан пойтахтдаги ҳаёт, иш фаолияти ва жамиятда аёлларнинг ўрни ҳақида суҳбат уюштирди.

«Қизларни ёшлигидан бирор соҳага эмас, оила бекалигига тайёрлашлари одамни хафа қилади» — Инара Асанова

Инара Асанова 1998 йили Сирдарё вилояти Гулистон туманида туғилган. У Гулистон туманидаги 14-умумтаълим мактабида таҳсил олган. Ўрта маълумотни Гулистон тиббиёт коллежида олган. Ҳозирда Гулистон давлат университетида 4 босқич талабаси. Инара 2 йилдан буён маркетинг соҳасида, жумладан, SMM ва таргетинг йўналишида фаолият юритади. Ҳозирда у 605 агентлигида лойиха менежери лавозимида иш олиб бормоқда.

— Аввалдан IT соҳасига қизиқиб келганман. Лекин негадир вилоятларда кўпчиликнинг ота-онаси бу соҳани қабул қилишмасди. Чунки қиз бола учун шифокорлик ёки ўқитувчилик касбини эгаллаш нормал кўринади кўпроқ. IT соҳасига кириб келиш озроқ қийин бўлган. Биринчидан, атроф муҳитимдаги одамлар бу нарсани тушунмаслиги, иккинчидан, бу соҳага кириб келиш учун етарлича устоз топа олмаганман. Кейинчалик интернетдан ўрганишга тўғри келган.

Мен Тошкентга маркетинг соҳасини ўрганиб, шу соҳада фаолият юритиш учун келганман. Чунки, ҳаммамиз билсак керак, вилоятларда маркетинг соҳаси яхши ривожланмаган. Инсонлар бу соҳа нима эканлигини тушунишмайди, SMM нима, реклама нима билишмайди. Реклама деганда улар асосан кўчадаги ёки телевидениедаги рекламани тушунишади. Тошкент — имкониятлар шаҳри. Шунинг учун ҳам бу ерга келиб, ушбу соҳани ўрганишга қарор қилганман.

Умуман олганда, бу соҳага 2018 йилда кириб келганман. Шу йили талаба бўлишимдан олдин яқин дўстим ушбу соҳада ишлашни тавсия қилган эди. Кейин «фриланс» шаклида копирайтерлик қилишни бошлаганман. Пандемия вақтида эса Тошкентга келишни, шу соҳани айнан пойтахтдаги устозлардан ўрганишга қарор қилганман.

Фото: Инара Асанованинг шахсий архивидан.

Тошкент муҳити одамни ўзгартирди. Доимо ўзим учун ҳаракат қилганман, лекин ўзим учун кўпроқ курашишни ўргандим. Бундан ташқари, аввал Тошкентга келиб ниманидир ўрганиш мақсадим бўлган бўлса, ҳозир халқаро майдонга чиқиб, ўз соҳам бўйича тажриба оширишни мақсад қилиб қўйганман.

Ўқишга кирганимдан сўнг уйдагиларим билан турмушга чиқиш борасида суҳбат бўлган. Мен ўзимни мақсадларимни айтганман. Ўз карьерамни йўлга қўйиб олиб, кейин оила қуришга тайёр бўлишимни тушунтирганман. Яъни университетни битириб, балки магистратурани ҳам битириб, кейин оила қуришга тайёр бўламан. Чунки оила қуриш ҳам осон иш эмас. Бизда бир тушунча бор: қиз болани ёшлигидан «сен оила бекаси бўласан», дея тарбиялашади. Университетга киришнинг ҳам асосий мақсади — яхши жойдан иш топиш ёки яхши жойга турмушга чиқиш. Қизлар ўқиётган вақтда оила қургач, иккита қайиқда мувозанатни сақлаб туриш қийин бўлади. Барибир биттасидан кечиш керак бўлганда, бу ўқув жараёни бўлади. Ўзимнинг кўпчилик яқинларимда ҳам шундай бўлган.

Яқинларим ҳозир бу соҳани, мен қаерда ишлашимни ва қандай фаолият юритишимни тушунишади. Пойтахтда ишлашимни нормал қабул қилишади. Аммо бошида қўрқув бўлганди. Ўзимни ҳимоя қилиш жиҳатидан эмас, балки пандемия вақтида Тошкентга келганман ва коронавирусга чалиниб қолишимдан қўрқишган. Тошкентга келишимга онам кўпроқ қарши бўлган. Сабаби ўзлари СЭС ходими ва ўшанда вазият қай даражада эканлигини яхши билардилар. Отам эса «кўнглинг нимани хоҳласа, шу соҳа сеникилигига ишонсанг, мен сенга қаршилик қилмайман» деган. Бошқа томондан эса бутунлай ишонишади.

Фото: Инара Асанованинг шахсий архивидан.

Турмуш қурсам, албатта, иш фаолиятимни давом эттираман. Оила — биринчи ўринда. Лекин ҳар бир инсоннинг турмуш ўртоғи унинг касбини тушунса, бунга тўсқинлик қилмаса керак. Шунда иш ва оилани биргаликда мужассамлаштирса бўлади.

Атрофимдаги тенгдошларимни кузатганимда, оиласи уларнинг хоҳишларига қарши бўлишлари ёқмайди. Масалан, IT соҳасини ўрганмоқчи бўлса «бу соҳа билан ким ҳам бўлардинг» дейишади, ёки чет элга кетмоқчи бўлса одатда жўнатишмайди, «қиз боласан, одамлар нима дейди?», деган гаплар бўлади. Ёшлигидан бирор соҳага эмас, оила бекалигига тайёрлашлари одамни хафа қилади.

Фото: Инара Асанованинг шахсий архивидан.

Қиз бола ўз устида ишлаши керак. Қандай соҳага қизиқишидан қатъий назар, ўз мақсадига эришиш учун ишлаш керак. Бу унга қўшимча касб ёки ҳунар бўлиши мумкин. Иккинчиси, қандайдир қарорлари борми, гаплари борми, бу нарсани қўрқмасдан уйдагиларига айтиши керак. Чунки баъзида биламиз «отамдан қўрқдим, айтолмадим», дея қизларда турли вазиятлар бўлиши мумкин. Учинчиси эса, тил ўрганиши керак. Шу орқали дунёқарашини ошириши керак.

«Ўзида эркинлик йўқ инсон, қандай қилиб мустақил болани тарбиялайди?» — Мухлиса Орифжонова

Мухлиса Орифжонова 1998 йил Фарғона шаҳрида туғилган. Фарғона давлат университети (бакалавр) ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (магистратура)да таҳсил олган. Ҳозирда Президент таълим муассасалари агентлигида халқаро бўлим мутахассиси сифатида фаолият олиб боради. Шунингдек, Digital Generation Uzbekistan NNT`да ҳам ишлайди.

— Тошкентга келгунга қадар бўлган ҳаётим анча ранг-баранг эди, мактаб пайтимдан турли танловларда, фан олимпиадаларида қатнашганман. Атрофимда одамлар доим кўп бўлган, янги танишлар, дўстлар орттиришдан ҳечам қўрқмаганман. Ҳамма нарсани ўзим қилишни истардим, шунданми, кўп соҳаларга бош суққанман. Соҳам халқаро иқтисодий фаолият бўлса-да, журналистика, SMM, лойиҳалар бошқаруви, график дизайн, монтаж бўйича озми-кўпми тажрибам бор.

Аввал, рости, мендаги энг асосий хусусият маҳмадоналик ва шаддодлик эди. Мухлиса деганда кўпчилик бир гапириб ўн куладиган кичкина қизчани эсларди, менимча. Ҳар куним оддий ўтарди: ишга бориш, уйга қайтиш. Лекин ҳар куни ўз устимда ишлашга ҳаракат қилардим. Турли курслар олардим, уйқуга ётишдан аввал камида бир соат мутолаа қилардим.

Ўша вақтлардаги энг асосий мақсадим — барча харажатлари қопланадиган лойиҳаларда ютиб, чет элда ўқиш ва ишлаш бўлган. Кўзи ожизлар учун махсус брайль алифбосида китоблар чиқариш учун нашриёт ташкил қилиш ҳам орзуларимдан бири эди. Муҳими, биринчи ва фақат биринчи бўлишни истардим, қайси танловда қатнашсам ҳам, қайси дарсга кирсам ҳам, нима ишни бошласам ҳам биринчи бўлишим керак эди. Ё ютаман, ё ўрганаман деб турли хил, ҳатто менга умуман алоқаси бўлмаган танловларда ҳам иштирок этаверардим, ҳозир ўйласам, «эҳҳ, эринмаган одам бўлганман», деб ўйлаб қоламан.

Дунё мен учун фақат яхшиликлар қўшиб тайёрланган ва осонгина ютиладиган чиройли идишдаги коктейль эди. Вақтим ҳам ҳечам тугамайдигандек туюларди менга.

Фото: Мухлиса Орифжонованинг шахсий архивидан.

Тошкентга келганимдан сўнг энг катта ўзгариш — бу ёлғизлик эди. Ўқиш ё ишдан қайтганимда ойим ёки сингилларим югуриб чиқмаслиги, укам билан scratch`да ўйин ясамаслигим, бувамни турли ибратли воқеаларни айтиб бермаслиги, дадамдан «бугун нима овқат қилайлик?» деб сўрамай қўйишга кўникиш жуда қийин бўлган. Ҳаётнинг асл таъмини яқинларингдан узоқда бўлганингда англайсан экан. Атрофингда кун давомида кўп одамлар бўлади, улар билан ишлайсан, дарс қиласан, аммо охири уйингда ёлғиз кино кўриб, ё китоб ўқиб ўтирасан. Лекин бу бир тарафдан яхши эди, энг камида мақсадларимни аниқлаштириб олишни ўргандим.

Кейинроқ ижтимоий ҳаётдан бироз узоқлашиб бор эътиборимни ўз соҳамда энг кучли бўлишга қаратдим. Ҳа, ўз устимда жиддий ишлай бошладим, пойтахтда рақобат жуда кучли. Ҳамкасбларимнинг тил, тажриба ва касбий кўникмалари мендан устун, бу ҳам мени изланишга чорлаган.

Тошкентга келганимдан бери то ҳозиргача менга ёрдам берган, дардимни эшитган яхши инсонлар бор. Бир ҳамкасбим, айниқса, ишхонада кайфиятимдан муаммоларимни англаб оларди, ундан кўп маслаҳатлар олганман. Сал осонроқ яшаш учун ҳар доим ҳам ақллилик қилмасдан, атрофдагилардан ёрдам ҳам олиб туриш кераклигини англаганман. Бундан ташқари, вақтимни қизғона бошлаганим ҳамда одамларга йўқ дейишни ўрганганим ҳам энг яхши сабоқларимдан бири эди. Рости, аввал ҳам шаҳарда яшаганим учун, менга Тошкентда ҳаёт кечиришга кўникиш у қадар қийин бўлмаган, лекин молиявий томондан пулларимни тежаб ишлатишга қийналганман.

Нега кўпчилик қизлар ўқишга киргач 1−2 йилдан кейин турмушга чиқиб кетишади? Қизлар кўп ҳолларда ўз келажаги учун қарор қабул қилишдан қўрққанидандир, балки. Чунки кўпчилик «ота-онам мен учун тўғри қарор қабул қилиб беради», деб ўйлайди. Биз ёшликдан шундай ўсамиз, бозорга борсак ойимиз танлаб берган кийимни оламиз, ресторанга борсак дадамиз айтган овқатни еймиз. Камдан-кам ҳолларда боладан «сен нима хоҳлайсан?», деб сўрашади. Балки қизлар қарор қабул қилишда эркин эмаслигидир бунга сабаб. Кейин, менимча, кўп ота-оналар қизларнини яхши жойга турмушга беришга жуда муҳим ва кечиктириб бўлмас вазифа сифатида қарашади. «Мана ўқияпти, энди турмушини қилсин», дейишади.

Фото: Мухлиса Орифжонованинг шахсий архивидан.

Менда бу ҳолатда уйимдагилар аввало бор эътиборимни ўқишга қаратишим тарафдори бўлганлар. Айниқса, ўқимишли инсон бўлишимизни раҳматли ҳожидадам (бобом) жудаям хоҳлаганлар. Қолаверса, энг қийини ойимга бўлган, рости, қариндош-уруғлар, таниш-билишлар «ўқишга кирди, турмушга бер», деганларидаям «ўқиб олсин, ўқиш вақтида қиз бола фақат ўқиши керак», деганлар. Биламан, уларга ҳозир ҳам қийин, баъзан ўртоқларини набиралари ҳақида гапириб қоладилар, кейин ўзларини унча яхши ҳис қилмаётганларини сезаман. Лекин ойимни ҳамма ўртоқларини қизи ҳам турмушга чиқибоқ, бахтли бўлиб кетмади. Балки, шунақа кейсларни кўп кўрганлари учун мени асрагандирлар. Рости, ўзим ҳам коллеж ёки университетда ўқиб юрганимда бошқа тенгдошларим сингари сеп, тўй каби орзу-ҳавасларга унча қизиқмаганман. Нега қизлар турмушга чиқаётганда кўпгина сеп қилинади, янги кийимлар олиб беришади, ўқишга кирганда эса йўқ, деб ўйлаб қоламан.

Ишхонамизда жуда кучли оилавий муҳит бор, бир-биримизга ёрдам берамиз, бирга тушлик қиламиз. Тушлик вақтида чойнак йигитлар тарафда бўлса, улар индамай чой қуйиб беради, ҳеч ким қизлар тарафга суриб қўймайди. Мувафаққиятга эришсам, мендан кўра кўпроқ хурсанд бўлишади. Туғилган куним ҳам эсларида туради. Мен ўз уйимда ишлаётгандек бўламан, гоҳида.

Бизники каби жамиятларда одамлар онгида жуда ғалати қараш бор: аёл киши ё оилада, ё карьерада мувафаққиятли бўла олади. Лекин ҳам оила, ҳам ишни бирданига аъло даражада уддалаётган аёллар бор-ку. Масалан, мен ҳаётим давомида шунақа аёлларни кўп учратганман. Шахсан мен учун уй ишлари бутун карьерамни алмашишимга арзирли сабаб эмас. Ёки карьера оиладан кечиш учун баҳона бўла олмайди. Қайсидир аёл ўзи истагани учунгина ўзини оиласига бағишласа, бунга умуман эътирозим йўқ. Аммо ҳам оилани, ҳам ишимни яхши кўраман, деган аёл ўз истаганини қилиши керак. Фарзанд тарбияси учун вақт керак-ку, деб айтишингиз мумкин, бу вақтда ишдан дам олиб туриш нормал ҳолат. Менга келса, мен ишимни давом эттираман деб ўйлайман. Қийиндир, аммо уддаласа бўлади.

Фото: Мухлиса Орифжонованинг шахсий архивидан.

Биз эркин жамият истаймиз, «фарзандларимиз эркин бўлиб ўссин», деймиз. Хоҳлаймизми йўқми, бола жинсидан қатъи назар онаси билан кўп вақт ўтказади. Жамиятимиздаги кўп оналар эса турмуш ўртоғи, қайнона, қайнотаси рухсатисиз, остона хатлаб кўчага чиқа олмайди. Уйга меҳмон келса, ҳатто гапирмайди ҳам. Ўзида эркинлик йўқ инсон, қандай қилиб мустақил болани тарбиялайди?

Менга аёллар билан ҳисоблашмай, уларнинг келажаги учун қарор қабул қилишлари ёқмайди, менга аёлларнинг имкониятига етарлича баҳо бермасликлари ёқмайди, менга «аёллар кучли бўлмаслиги керак, ақлсиз бўлиши керак», деб қарашлари ёқмайди, менга қиз бола фарзанд туғилса, туғруқхонага боришга ор қилишлари ёқмайди. Яна менга энг ёқмагани — зўравонлик қурбони бўлиб турган аёлга, аёлларнинг ўзи «мана, мен чидаб бахтли яшаяпману» қабилидаги маслаҳатлар бериши. Ёки зўрланган қизни кўришса, «ғўнажин кўзини сузмаса…» мақолини келтиришлари.

Ўйламай, анализ қилмай, фикрламай осонгина ҳукм қилиб қўйишлари — бу жуда ёмон, жуда. Жамиятимизда ажрашган, зўравонлик қурбони бўлган аёлларга нисбатан салбий қараш жуда кучли. Ажрашдими, у учун барча эшик ёпиқ. Кeчирасиз, ҳаёт ҳатто энг оғир гуноҳкор бўлганингизда ҳам яшашдан воз кечишимиз, ёки «одамлар нима дейди?» деб ҳеч нима қилмай, уйда ўтиришимиз учун жуда қисқалик қилади.

Фото: Мухлиса Орифжонованинг шахсий архивидан.

Мен ўзим тенги вилоят ёки қишлоқлардаги қизга, биринчи галда, «энг биринчи ўзингиздан маслаҳат олинг», деган бўлардим. Чунки сизни, ҳозирги вазиятингизни, устунликларингизни, муаммоларингизни ҳеч ким сизчалик яхши билмайди. Сизни нима хурсанд қилади, нима билан шуғулланиш сизга завқ бағишлайди, кейинги 3 ойликдаги режаларингиз қандай, бир йиллик, 2 йиллик, 10 йилликдагичи? 5 йилдан кейин ўзингиз учун идеал инсон бўлиш учун ҳозир нималар қилишингиз керак? Аниқ жавоб олиш тўғри савол беришдан бошланади. Ўзингизни саволга тутинг, китобда ёзилганидек, «ўзингизни суд қилинг». Биламан, мураккаб, аммо шундай қилинг. Маслаҳат оладиган инсонни танлашда ҳам жуда эҳтиёт бўлинг, ошпаз сизга қандай ширин овқат қилишни айта олади, аммо ўша овқат ошқозонга зарар ёки фойдалилигини фақат гастроэнтеролог айтиб бериши мумкин.

Ана энди, энг асосийси, ўзингиз якка бахтли бўлишни ўрганинг. Сизни бахтингиз учун ҳеч ким жавобгар эмас. Бахт — бу улашиш, сиз ўзингиз бахтни ҳис қилмагунингизча, уни бошқалар билан баҳам кўролмайсиз. Бахт — бу ўта субъектив нарса, аммо ҳамма унга интилишини ҳисобга олсак, ўз бахтингизни яратинг.

«Бир эшик ёпиқ бўлса, бошқасини қидир, тополмасанг, ўзинг яса» — Мадина Очилова

Мадина Очилова 2000 йилда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида туғилган. Ҳозирда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг 4-босқич талабаси, Kun.uz сайтининг мухбири.

— Тошкентга 18 ёшимда келганман. Тошкентга келгунимча бўлган давр болалигим, бола орзуларим ва болалардек хаёлларимдан иборат. Аниқроғи, 17 ёшимгача болалик ҳаёти, 17−18 ёшим ҳақиқий синов даври бўлган. 2018 йилда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети илк талабаларини қабул қилди. Ижодий имтиҳонлар учун ОАВда эълон қилинган материаллар сўралгани сабабли, ҳар ойда туман газетасига мақолалар бериб турардим. Коллеждаги ўқиш билан бирга она тили ва адабиёт ҳамда инглиз тилидан репититорга борар эдим. Энг катта билимларни шу ёшимда тўплаганман, негаки имтиҳонга қисқа вақт қолган, мен учун ўқишга кириш олий мақсад эди. Кунни тунга улаб, уйқусизлик ва тинимсизликда ўтган абитуриентлигим 2018 йилда талаба бўлиш бахтини насиб этган. Бу давр қийинчилик ва меҳнат ортидан келадиган роҳатнинг нақадар ширин бўлишини ўргатди.

Тошкентга келгач мақсадларим ўзгармади. Ўзимни ҳар доим профессионал журналист сифатида кўришни хоҳлаганман. Ҳали ҳам мақсад ўша-ўша. Лекин ҳаётим ўзгарган. Ҳаётимни ўзим режалаштира бошлаганман, молиявий томондан эркинликка эришганман, ота-онамдан узоқда мустақил яшашга, муаммоларимни имкон қадар мустақил ечишга ўргандим. Бола ҳаётим мени ёки мен уни тарк этдим.

Фото: Мадина Очилованинг шахсий архивидан.

Бошида журналист бўлишимни дадамдан бошқа ҳеч ким хоҳламаган. «Қийин касб, сенга тўғри келмайди, эртага оила қурсанг, қандай қиласан?» каби минглаб танбеҳлар депрессияга туширган. Шунда ҳам дадам «мақсад қилдингми қайтма, бор журналистикага топшир», деб қўллаб-қувватлаганлар. Онам ҳар доим хавотир оладилар, «ёзганларинг ўзингга зарар келтирмасин!», деб кўп айтадилар. Ҳозир хавотирлари анча камайган, ҳар ҳолда мақолаларимни ўқиб, хурсанд бўладилар. Пойтахтда ишлашимни хоҳламаганларида ҳеч қачон ўқишга ҳам юбормаган бўлардилар.

Kun.uz`да аёл журналистлар кам. Шунга қарамай, аёл киши бўлганим учун чиқиштирмаслик ёки ёмон муносабат кўрмадим. Аксинча, «хавфли» мавзулардан қиз-аёл журналистларни ҳимоя қилишади, рискка қўядиган ҳолатларга яқинлаштирмасликка ҳаракат қилишади. Муҳими аёл журналистларга нисбатан ҳурмат бор. Буни соғлом ижодий муҳит деб биламан ва жамоани бундай юксак инсоний қадриятларга эга инсонлари учун қадрлайман.

Фото: Мадина Очилованинг шахсий архивидан.

Жамиятда аёлларга булган муносабатдан нима менга кўпроқ ёқмайди? Қиз бола ўқиши шарт эмас деган стереотип. Ўзим тенги қизларга мен берган маслаҳатнинг фойдаси йўқ. Ўқийдигани ўқиб юрибди, ўқимайдигани турмуш қурган. Ўзимдан кичик 14−15 ёшли қизларга «Ўқи. Бор имкониятларингдан максимал фойдалан, тил ўрган. Бир эшик ёпиқ бўлса, бошқасини қидир, тополмасанг, ўзинг яса» деган бўлардим.

«Газета.uz» тез кунларда интервьюларнинг 2-қисмини ҳам эълон қилади.