ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида букмекерлик фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниев.

Депутат президент фармонига кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини лицензия билан амалга оширишга рухсат берилганлиги, лекин амалиётда букмекерлик фаолиятини ташкил этиш ҳамда лицензиялаш бўйича аниқ механизм ҳукумат томонидан ҳалигача ишлаб чиқилмаганлигини эслаб ўтди.

Қўшимча қилинишича, фармонда масъул вазирлик ва идораларга 2020 йил 1 июнга қадар букмекерлик фаолияти бўйича Жиноят кодекси (ЖК) ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (МЖтК) тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар киритиш топширилганига қарамай, бу топшириқ ижроси бўйича ҳам кодексларга тегишли ўзгаритиршлар киритилмаган.

«Демак, амалдаги қонунлармизга кўра ҳозирда Ўзбекистон Республикасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни (жумладан, букмекерлик фаолияти) ташкил этиш МЖтКнинг 191-моддаси ва ЖКнинг 278-моддасига асосан маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади», — деб ёзади депутат.

Дониёр Ғаниевнинг маълум қилишича, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан букмекерлик фаолиятини қонун жиҳатдан тартибга солиш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасида Ўзбекистоннинг баъзи қонунларига, хусусан, Фуқаролик кодекси, ЖК, МЖтК, Солиқ кодекси ва бошқа қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилмоқда.

«Жумладан, букмекерлик фаолиятини амалга ошириш механизмлари, лицензия бериш тартиб-таомиллари, букмекерлик фаолиятини амалга оширишдаги чекловлар, букмекерлик соҳаси устидан давлат назорати, қимор ва гаров ўйинларида иштирок этувчи жисмоний шахслар учун қўйиладиган талаблар, шунингдек, вояга етмаган шахсларни қимор ва гаров ўйинлари (беттинг)дан ҳимоя қилиш масалалари ҳамда букмекерлик фаолияти қоидаларини бузганлик, келишилган ўйинлар ўтказиш ва уларда қатнашиш учун жавобгарликни белгилашга оид нормаларни акс эттириш мақсад қилинган», — деб ёзади қуйи палата аъзоси.

Депутатнинг қайд этишича, у қонун лойиҳасида фақатгина мамлакатда рўйхатдан ўтган юридик шахслар томонидан республика ҳудудида букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш таклифини илгари сурган. Шунингдек, у букмекерлик хизматини кўрсатувчи барча норезидент компанияларига Ўзбекистон банк тизимидан тўловлар амалга оширилишини тақиқлаш кераклигини таъкидлаган. Бундан ташқари, Дониёр Ғаниев букмекерлик фаолияти рекламаси ва тарғиботига рухсат бермаслик, жисмоний шахсларга қимор ўйинларида ўйнаши рухсат этиладиган пул миқдорларининг максимум чегарасини белгилаш каби нормаларни ҳам акс эттириш таклифини билдирган.

Аввалроқ «Газета.uz» бугунга қадар мамлакат ҳудудида букмекерлик ва тотализатор фаолиятини амалга ошириш учун ҳеч кимга лицензия берилмагани ҳақида ёзган эди.

Эслатиб ўтамиз, ХДП фракциясининг йиғилишида ҳам букмекерлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш масаласи муҳокама қилинган эди. Бир қатор қонунларга букмекерлик фаолиятини амалга ошириш механизмларини назарда тутувчи нормалар киритиш таклиф этилган эди.