13 сентябрь куни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти «Миллий қўшиқчилик» кафедраси профессори, Ўзбекистон халқ артисти, созанда Ўлмас Расулов вафот этди. Бу ҳақда маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўлмас Расулов 1951 йилда Денов туманида туғилган. 1976 йилда Тошкент Консерваториясини тамомлаган. Бир неча йиллар давомида Бухоро мусиқа билим юрти, Тошкент консерваторияси, Ҳамза номидаги республика мусиқа коллежида фаолият юритган.

Бухоро давлат университетида доцент ва кафедра мудири, «Зарафшон» ансамблида созанда, «Ўзбекнаво» бирлашмаси Бухоро вилояти бўлими бадиий раҳбари, «Дуторчи қизлар» ансамбли маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган.

Ўлмас Расулов репертуаридан Шашмақом, Фарғона-Тошкент йўлларига оид кўплаб мумтоз ва анъанавий куйлар ўрин олган. Хонанда сифатида эса «Содирхон Ушшоғи», Машраб ғазали билан «Сиғмадим», «Ор йиғлайди» каби ашулалар, Бухоро йўлларидан «Забоний», «Жавоний», «Гул рези» каби асарлар билан танилган.