Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистонга юборилган гуманитар юк ҳақидаги тафсилотларни маълум қилди.

Вазирлик мазкур инсонпарварлик ёрдами — ун, турли озиқ-овқат маҳсулотлари, бирламчи зарур товарлар, дори-дармонлар, кийим-кечак ва пойафзаллардан иборат бўлиб, «бу ўзбек халқининг биродар Афғонистонга кўрсатаётган хайрихоҳлигининг яна бир ифодасига айлангани»ни таъкидлади.


ТИВ баёнотига кўра, маросимда сўзга чиққан Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид бутун афғон халқи номидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга «бугунги синовли даврда мамлакатга кўрсатилаётган юксак эътибори, қўллаб-қувватлаши ва бирдамлиги» учун чуқур миннатдорлик билдирди.

«Алоҳида қайд этилганидек, Афғонистон халқига кўмак кўрсатиш чақирувига Ўзбекистон раҳбари биринчилардан бўлиб эътибор қаратгани, унинг сиёсатини кўп миллатли Афғонистон халқи чинакам инсонпарварлик, биродарлик ва яхши қўшничиликнинг намоён бўлиши сифатида баҳолади», — дейилади ТИВ баёнотида.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан Балх вилояти губернатори Қудратилло Абу Ҳамза «инсонпарварлик ёрдами ўз вақтида берилибгина қолмай, балки алоҳида эҳтиёж эканлигини, бу эса халқларимиз ўртасида асрлар оша давом этиб келаётган тарихий, маданий ва маънавий алоқаларнинг яна бир исботи эканлигини» таъкидлади.


Унинг сўзларига кўра, бу ёрдам аслида Афғонистонга пандемия оқибатларини бартараф этишга, шунингдек, мамлакатда юзага келиши мумкин бўлган гуманитар ва озиқ-овқат инқирозининг олдини олишга хизмат қилади.