Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 2021 йилнинг 8 ойи ичида хорижда вафот этган 323 нафар фуқаро жасади Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу давр ичида 271 нафар хорижда қийин аҳволда қолган фуқаролар қайтарилди.

Агентлик томонидан 4 минг 150 нафар меҳнат мигрантига бир марталик моддий ёрдам ажратилган, 219 нафар меҳнат мигранти вақтинча хостелга жойлаштирилган ва оғир тан жароҳати олган 11 нафар меҳнат мигрантининг тиббий хизмат харажатлари қоплаб берилган.

Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган 7 минг 25 нафар меҳнат мигрантига ҳуқуқий ёрдам, 262 минг 161 — нафарига маслаҳат хизматлари, 4 минг 853 нафарига ижтимоий ёрдам, 8 минг 268 нафарига моддий ёрдам кўрсатилган.

Бундан ташқари, меҳнат мигрантларининг иш берувчилар томонидан тўланмай турган қарийб 692,7 минг АҚШ доллари миқдоридаги иш ҳақи ва пуллик компенсациялари ундириб берилган, дейилади хабарда.