«Трест-12» акционерлик жамияти 26 август куни акционерларнинг навбатдан ташқари йиғилишини ўтказди. Иштирокчилар кворуми — 98,15%. Йиғилиш баённомаси 6 сентябрда тузилган.

Мавжуд вактлар ҳақидаги маълумотларнинг гувоҳлик беришича, 30 июндаги акционерларнинг умумий йиғилишида қабул қилинган 2020 йил якунлари бўйича жамият соф даромадини тақсимлаш, дивидендлар ҳажми, шакли, уларни тўлаш муддатлари ва тартибларини тасдиқлаш бўйича қарори бекор қилинган.

Йиғилишда компаниянинг 2020 йилдаги соф даромадини (20,9 млрд сўм) қуйидагича тақсимлаш тасдиқланди:

  • АЖ захира жамғармасини тўлдиришга (5%) — 1,04 млрд сўм;
  • Дивидендларни тўлашга (55%) — 11,51 млрд сўм;
  • Компанияни ривожлантириш жамғармасига (39,5%) — 8,27 млрд сўм.

Йиғилишда кузатув кенгашини 100 млн сўм (соф даромаднинг 0,5 фоизи) миқдорида мукофотлаш тўғрисидаги масала ҳам овоз беришга қўйилган, бироқ акционерларнинг катта қисми қарши овоз берган.

Манбалар: КТЯДР ва ЯИДХП.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри (КТЯДР) маълумотларига кўра, «Трест-12» компанияси 1994 йил 7 декабрда рўйхатга олинган. Асосий фаолият тури — нотурар бинолар қурилиши. Раҳбар сифатида Фаҳриддин Назиров кўрсатилган. Акционерлар орасида Тошкент ҳокимлиги (51,1%), Муаззам Саидахматовна Закирова (19,1%), Жасур Батирович Закиров (14,1%), Мухаё Октябревна Закирова (13,1%) ва яна 12 киши (2,6%) бор.

«Газета.uz»даги маълумотларга кўра, Жасур Зокиров ва Мухаё Закирова қурилиш вазири Ботир Зокировнинг ўғли ва рафиқаси. Унинг ўзи ҳам илгари (2019 йил июль ойида) «Трест-12» акциядорлари рўйхатига киритилган (ўша вақтда у қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари, 1996−2011 йилларда — «Трест-12» бошқарув кенгаши раиси сифатида ишлаган).

«Трест-12» соф фойдасини тақсимлаш доирасида Жасур Зокировга (14,1%) 1,62 млрд сўм, Муҳайё Зокировага (19,1%) — 1,5 млрд тўланиши керак. Бу миқдордан улар 5% дивиденд солиғини тўлашлари керак.

«Трест-12» ва давлат харидлари

Апрель ойида «Газета.uz» ўрганишлар ўтказиб, қурилиш вазирининг оиласи билан боғлиқ бўлган «Трест-12» катта давлат буюртмаларини тендерсиз олганини аниқлаган эди (1, 2). Май ойи охирида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов компания лойиҳаларида манфаатлар тўқнашуви мавжудлигини тасдиқлади. Унга кўра, трест 5 триллион сўмлик лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Қурилиш вазири «Трест-12»да ҳақиқатдан ҳам яқинлари ишлашини тасдиқлаган, бироқ объектларни тендерсиз бериш масаласи тўғридан-тўғри унга ёки оиласига боғлиқ эмаслигини таъкидлаган эди. У лойиҳаларни тендерсиз бериш ҳукумат ва президент қарори билан белгиланишини қайд этган эди.

«Бир нарсани тушунишларинг керак, 51 фоиз давлат улуши бўлгандан кейин менга унинг совуғи ҳам, иссиғи ҳам йўқ», — дея таъкидлаган эди вазир.