Ўзбекистон ҳукумати 14 сентябрь, сешанба куни Aфғонистоннинг Балх вилояти шимолидаги Ҳайратон чегара ўтиш пункти орқали афғон халқига гуманитар ёрдамнинг катта партиясини юборди, деб хабар бермоқда Ariana News.

Ўз ичига озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва кийим-кечакларни олган 1,3 минг тонналик инсонпарварлик юки мамлакат расмийларига топширилди.


Фото: TheKillidGroup

Юкни қабул қилиш маросимида Забиҳулла Мужоҳид ва Ислом амирлигининг бошқа расмий вакиллари иштирок этди. Суратларда Ўзбекистон томонидан Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев қатнашганини ҳам кўриш мумкин.

Мазкур ёрдам бутун мамлакат бўйлаб кам таъминланган афғон оилаларига тарқатилади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Афғонистонда, биринчи навбатда, гуманитар инқирознинг олдини олиш кераклигини таъкидлаган эди.«Бунинг учун биз мамлакатдаги ҳақиқий реал ҳокимият билан иш олиб боришимиз керак. Бошқа йўл йўқ», — деган эди у.