14 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Афғонистонда вужудга келаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда минтақа кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, давлат раҳбарлари бўлажак олий даражадаги учрашувлар режасини кўриб чиқдилар.

Эслатиб ўтамиз, душанба куни президент матбуот котиби Шерзод Асадов ШҲТ мамлакатлари давлат раҳбарларининг Душанбедаги саммитида Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан учрашиши ҳақида хабар берган эди.

Бироқ, сешанба куни Россия президентининг атрофидагиларда COVID-1 билан касалланиш ҳолати аниқлангани сабабли, у ўзини-ўзи яккалашига тўғри келди. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг қўшимча қилишича, давлат раҳбари мулоқот қиладиган бир неча киши коронавирус билан касалланган. Шундан кейин Владимир Путин тест топширган. «Президент тўла соғлом», — деди Кремль вакили.

Владимир Путин ўз фаолиятини видеоконференция режимида давом эттириши маълум қилинди.