Олдинроқ Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон сайловчиларининг ягона электрон рўйхатига 21,2 миллион сайловчи киритилганлигини маълум қилган эди. Улардан 6,9 миллионини (қарийб 33 фоизи) 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Улардан 880 155 нафари илк маротаба сайловда қатнашади.

Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ёшларнинг сиёсий билими, ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида yoshsaylovchi.uz платформаси ишга туширилганлигини маълум қилди. Ушбу платформа орқали сайлов жараёни ҳақида зарур маълумотларни олиш, сайлов участкасини аниқлаш мумкин.

Сайлов участкасини аниқлаш учун паспорт серия рақамлари ва туғилган кун бўйича маълумотларни киритиш керак бўлади.


Бундан ташқари, хорижий тилларни билган ёшлар учун сайтдан рўйхатдан ўтган ҳолда сайловда волонтёр ёки тренер сифатида иштирок этиш имкони яратилган. Бу орқали улар сайлов жараёнини тўғридан-тўғри кузатишлари, хорижий экспертлар ва вакиллар билан биргаликда тажриба орттиришлари мумкин бўлади.