Россия қўшинлари 13 декабрга ўтар кечаси Киевга ракета ҳужуми уюштирди. Украина пойтахти томон учган ўнта ракетанинг барчаси уриб туширилди, дея хабар бермоқда Украина Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги.

Киев мэри Виталий Кличконинг сўзларига кўра, ракета парчалари қулаши оқибатида 53 киши жабрланган: улардан 20 нафари, жумладан, икки бола касалхонага ётқизилган, жароҳатланган сони 33 нафарни ташкил этган, жумладан, олти болага шифокорлар воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатган.

Киев вилояти маъмуриятининг хабар беришича, ракета қолдиқлари йўлларга қулаган. Бир уй ёниб кетган, тўққиз қаватли уйнинг еттинчи қаватида ёнғин содир бўлган, машиналар, шунингдек, болалар касалхонасига зарар етган.

Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотларига кўра, ракеталардан ташқари, сешанба куни кечқурун мамлакат бўйлаб 10 та камикадзе дронлари учирилган. Уларнинг деярли барчаси Одесса вилоятида уриб туширилган.

Россия томони ҳозирча на Киевдаги ракета, на дрон ҳужумига изоҳ бермади.

Аввалроқ Россия 11 декабрга ўтар кечаси Киевга ракета ҳужуми уюштирган эди. Ўшанда Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари саккизта ракета ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари томонидан уриб туширилганини маълум қилган.