19 декабрга ўтар кечаси Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди, унинг эпицентри Ганьсу провинцияси бўлиб, кучли силкинишлар қўшни Цинхай провинциясида ҳам сезилди, дея хабар бермоқда Reuters.

Тонгда маҳаллий ҳокимият Ганьсу шаҳрида зилзила оқибатида 105 киши ҳалок бўлгани ва 397 киши жароҳатланганини маълум қилди. Цинхайдаги сўнгги маълумотларга кўра, 13 киши ҳалок бўлган, 182 киши эса яраланган.

Ҳокимият зилзила инфратузилмага катта зарар етказгани, хусусан, сув, электр таъминоти ва алоқа узилиб, йўллар ва бошқа объектлар зарар кўрганини билдирди.

хитой, зилзила, шавкат мирзиёев, ҳамдардлик
Фото: Getty Images.

Хитой оммавий ахборот воситаларида ёзишларича, ҳозирда бир неча минг киши иштирок этган қидирув-қутқарув операцияси об-ҳаво шароити туфайли мураккаблашмоқда.

Талофат кўрган қатор ҳудудларда ҳаво ҳарорати кечаси -14 даражагача пасайган. Совуқ туфайли вайроналар остида қолганларни қутқариш учун зарур бўлган 72 соатлик вақт сезиларли даражада қисқарган.

Маълумот учун, Ганьсу провинциясида 2019 йилда 5 магнитудадан ошган зилзила қайд этилганди. 2008 йилда эса Хитой жанубидаги Сичуан провинциясида дунёдаги энг вайронкор зилзилалардан бири содир бўлиб, 87,5 минг киши ҳалок бўлган ва 375 минг киши жароҳатланганди.

Президент Шавкат Мирзиёев зилзила оқибатида кўплаб одамлар қурбон бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан Хитой раиси Си Цзиньпинга ҳамдардлик йўллади. Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жабрланганлар шифо топишини тилади.