30 ноябрь куни Дубайда БМТ халқаро иқлим конференцияси (COP28) очилди. Унинг ишида 12 декабрга қадар 190 дан ортиқ мамлакатдан давлат ва ҳукумат раҳбарлари, олимлар, фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этади.

Бу йилги COP28 мезбони Бирлашган Араб Амирликлари, конференция президенти эса БАА саноат ва илғор технологиялар вазири ва Абу-Даби миллий нефть компанияси (Adnoc) бош директори Султон Ал-Жабердир.

COP28 иқлим ўзгаришига бағишланган юзлаб тадбирларга мезбонлик қилади. Асосий тадбир — 1−2 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон иқлим бўйича саммит. Худди шу саналарда Олий даражадаги Сегмент сессияси режалаштирилган. Унда давлат ва ҳукумат раҳбарлари ўз мамлакатларининг иқлим инқирози бўйича позициялари тўғрисида миллий баёнотлар билан чиқишади.

1 декабрь куни бўлиб ўтадиган сессияда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам маъруза қилади.

COP28 нима?

COP28`нинг расмий номи — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчиларининг 28-конференцияси. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ҳар йили ўтказиладиган йиғилиш бўлиб, унда иқлим ўзгариши билан қандай курашиш ва унинг оқибатларига қандай мослашиш кераклиги муҳокама қилинади.

Томонлар 1992 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясини (UNFCCC) имзолаган давлатлардир.

Конференция Дубайдаги кўргазма маркази — Expo Cityʼда бўлиб ўтади. Унга турли мамлакатлардан 70 мингдан ортиқ делегатлар ташриф буюриши кутилмоқда. Бу БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси тарихдаги энг кўп иштирокчи бўлган саммит ҳисобланади.

Нима учун бу муҳим?

COP28 бу йил сайёрамизни қамраб олган ҳалокатли сув тошқинлари ва катта ўрмон ёнғинлари, шунингдек, бу йил Ерда қайд этилган энг иссиқ ёз ва, эҳтимол, рекорд даражадаги энг иссиқ йил бўлиши фонида ўтказилади.

Саммит мамлакатлар учун қўшма мақсадларни ишлаб чиқиш ва турли воситалар, жумладан, молиялаштириш орқали иқлим ўзгаришини яхшироқ бошқариш имконияти сифатида кўрилмоқда.

2015 йилда COP28`да Париж келишуви қабул қилинганидан бери саммит иштирокчилари асосий мақсад — глобал ҳароратнинг цельсий бўйича 2 даражадан ошишига йўл қўймасликка эришишга қаратилган.

COP28`да томонлар биринчи марта Париж келишувининг «глобал инвентаризацияси» — Париж мақсадларига эришиш йўлида инсониятнинг жамоавий тараққиёти таҳлилини ўтказадилар.

Мониторинг натижаларига кўра, иқлим бўйича мақсадларга эришиш учун халқаро ҳамжамиятни йўналтира оладиган режа ишлаб чиқилади. Кейин ҳукуматлар ушбу глобал режани иқлим ўзгариши бўйича миллий режаларга киритишлари ва 2025 йилда БМТга прогресс ҳақида ҳисобот беришлари керак бўлади.