Эрон Туризм вазирлигининг айрим давлатлар учун визани бекор қилиш бўйича таклифи мамлакат ҳукумати томонидан маъқулланди, дея маълум қилди туризм вазири Эззатоллаҳ Зарғамий. Бу ҳақда Tehran times хабар қилди.

Қайд этилишича, виза режими Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Қатар, Қувайт, Индонезия, Бруней, Япония, Сингапур, Камбоджа, Малайзия, Вьетнам, Бразилия, Перу, Куба, Мексика, Боливия, Венесуэла, Босния ва Гертсеговина, Сербия, Хорватия, Беларусь, Ливан, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Тунис, Мавритания, Танзания, Зимбабве, Маврикий ва Сейшел ороллари учун бир томонлама бекор қилинади.

Зарғамийнинг таъкидлашича, Ислом республикаси дунёнинг турли бурчакларидан келган одамларга ўз эшикларини очишга ва улар мамлакатнинг гўзалликларидан баҳраманд бўлишлари учун кўпроқ имкониятлар яратишга тайёр.

«Ушбу қарор Эронда туризмни ривожлантиришнинг янги даврини бошлаб беради ва мамлакатга нисбатан қаратилган салбий тарғибот ҳамда эронофобияни олдини олишга ёрдам беради», — деди Зарғами.

«Биз туризм бутун дунёдаги барча одамларнинг ҳуқуқи эканлигига ишонамиз ва Эрон тарихий аҳамияти, табиати, экотуризми, меҳмондўстлиги ва соғломлаштириш туризми жиҳатидан энг гўзал мамлакатлардан бири ҳисобланади», — дея қўшимча қилди вазир.

Статистикага кўра, жорий Эрон йилининг (йил 2024 йилнинг 21 мартида тугайди) биринчи олти ойида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар, жумладан, Тожикистон, Озарбайжон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Афғонистондан ташриф буюрувчиларнинг сони ўтган йилга нисбатан 1,1 миллионга ёки 55 фоизга ошган.