2023 йил бошидан буён дунё бўйлаб 94 нафар журналист ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, жумладан, тўққиз нафар аёл ўлдирилди. Бу бир йил олдинги, яъни 68 киши вафот этган 2022 йилдаги рақамлардан деярли 40 фоизга кўп, дейилади Халқаро журналистлар федерацияси (International Federation of Journalists, IFJ) йиллик ҳисоботида.

Энг кўп журналист — 68 нафар ходим Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги жангларда ҳалок бўлган. IFJ маълумотларига кўра, ташкилот ўлдирилган ОАВ ходимлари реестрини юрита бошлаган 1990 йилдан бери Ғазо уруши журналистлар учун энг қонли уруш бўлиб қолмоқда.

Украинадаги уруш эса хавфлигини сақлаб турибди. Украина, Россия ва Франциядан бўлган уч нафар журналист уни ёритиш чоғида ҳалок бўлди.

Йил давомида минтақада Яқин Шарқ ва араб мамлакатларида жами 71 журналист ўлдирилган. Осиё-Тинч океани минтақасида уларнинг сони еттитани ташкил этмоқда. Лотин Америкасида яна етти киши ҳалок бўлган. Африкада беш, Европада тўрт нафар журналист вафот этган.

журналистлар, IFJ

Ўлдирилган журналистлар ва ОАВ ходимларининг ҳудудлар бўйича бўлиниши. Фото: IFJ.

Бундан ташқари, IFJ ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда турли мамлакатларда 393 нафар журналист қамоқда қолмоқда. Ташкилотнинг қайд этишича, сўнгги уч йил ичида уларнинг сони сезиларли даражада ошган.

Хитой ва Гонконгда 80 нафар матбуот ходими қамоқда. Бундан ташқари, кейинги ўринлардан Мьянма (54), Туркия (41), Россия ва босиб олинган Қрим (40), Беларусь (35), Миср (23), Вьетнам (18), Саудия Арабистони (11), Ҳиндистон (10) ва Сурия (9) жой олган.