Россия Федерация кенгаши мамлакатда навбатдаги президент сайлови 2024 йил 17 мартда ўтказилиши бўйича қарор қабул қилди, деб хабар берди «РИА Новости». Парламентнинг юқори палатасида бу масала бўйича овоз бериш 7 декабрда бўлиб ўтди.

Палата спикери Валентина Матвиенконинг айтишича, бу қарор сайлов кампанияси бошланганидан далолат беради. Унинг таъкидлашича, бўлажак сайловлар Россиянинг «ривожланиш векторини аниқлайди».

Россия Марказий сайлов комиссияси раҳбари Элла Памфилованинг маълум қилишича, 8 декабрь куни президентлик сайловларида уч кун давомида — 15, 16 ва 17 март кунлари овоз бериш тўғрисидаги қарор лойиҳаси кўриб чиқилади.

Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларида сайловлар ўтказиш тўғрисидаги қарор ФХХ, Мудофаа вазирлиги ва ушбу ҳудудларнинг Россия томонидан тайинланган органлари билан маслаҳатлашувлардан сўнг қабул қилинади, деди Марказий сайлов комиссияси раҳбари.

Россия президенти Владимир Путин 2024 йилги сайловларда иштирок этишини ҳали расман эълон қилгани йўқ. У парламент сайловларни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилмагунча, сайловларда қатнашиш ҳақида гапиришдан бош тортган.

Путиннинг амалдаги ваколатлари 2024 йил мартида тугайди. 2020 йилда Россия Конституциясига ўзгартириш киритилди, бу унинг муддатларини «ноллаштирди» ва унга яна икки марта давлат раҳбари лавозимига номзод бўлиш ҳуқуқини берди.