Америкалик 34 ёшли қўшиқчи Тейлор Свифт Time журнали томонидан 2023 йил учун «Йил одами» деб топилди.

Time журнали номзодлари орасида Тейлор Свифтдан ташқари Голливуд сценарийнавислари ва актёрларининг иш ташлаши иштирокчилари, Хитой раиси Си Цзиньпин, OpenAI бош директори Сэм Альтман, Барби қўғирчоғи, Россия президенти Владимир Путин, Буюк Британия қироли Карл Учинчи, АҚШ Федерал захира тизими раҳбари Жером Пауэлл, шунингдек, АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампга қарши суд жараёнларида нутқ сўзлаган прокурорлар бор эди.

Нега Тейлор Свифт?

«Ҳар йил ёруғлик ва зулматдан иборат; 2023 йил сезиларли даражада зулматли йил бўлди. Жуда кўп институтлар муваффақиятсизликка учраган ушбу дунёда Тейлор Свифт чегараларни ошиб ўтиб, ёруғлик манбаи бўлиш йўлини топа олди. Бугунги кунда сайёрамизда ҳеч ким бунча кўп одамнинг ҳиссиётини уйғота олмайди», — дейилади нашр баёнотида.

Гап шундаки, Тейлор Свифт пандемиядан сўнг беш қитъада 151 та шоудан иборат бўлган Eras Tour номли йирик гастролини олиб бормоқда. Бу аёллар томонидан тақдим этилган энг юқори даромад келтирувчи гастроллардан бирига айланди.

Bloomberg Economics таҳлилларига кўра, хонанданинг Eras Tour доирасида тақдим этган 53 та концертидан топилган пул айрим мамлакатлар иқтисодидан ошиб кетди ва АҚШ ялпи ички маҳсулотига 4,3 миллиард доллар қўшди.

Унинг умумий бойлиги 1,1 миллиард долларни ташкил қилмоқда.

Хонанда Spotify`да 2023 йил давомида қўшиқлари энг кўп тингланган (дунё бўйлаб 26,1 млрд марта) қўшиқчи бўлди.

time  журнали, йил одами, тейлор свифт

Тейлор Свифт 2017 йилда жинсий зўравонликка қарши чиққан Silence Breakers гуруҳи билан «Йил одами» номига лойиқ кўрилганди. У журнал томонидан бир неча марта эътироф этилган ва «Йил одами» муқовасида икки марта чиққан биринчи аёл сифатида тарихга кирди.

Маълумот учун, журнал 2022 йилда «Йил одами» сифатида Украина президенти Владимир Зеленский, шунингдек, Россия агрессиясига қаршилик кўрсатишнинг «украинча руҳи» рамзига айланган одамларни танлаганди.