Колорадо Олий суди АҚШ собиқ президенти Дональд Трампни президентлик сайловида қатнашиш ҳуқуқига эга эмас деб топди ва уни бўлажак сайловларда штатнинг овоз бериш бюллетенидан олиб ташлашни буюрди, деб ёзмоқда CBS. Бу Трамп ушбу штатда 5 март куни бўлиб ўтадиган республикачиларнинг праймеризларида қатнаша олмаслигини билдиради.

Суд бу қарорни АҚШ Конституциясига киритилган 14-тузатиш асосида қабул қилган. Тузатишнинг учинчи моддасига кўра, қўзғолонда қатнашган мансабдор шахслар ҳукумат лавозимини эгаллаши мумкин эмас. Аввалроқ Трамп Капитолийга бостириб кириш ва 2020 йилги президентлик сайлови натижаларини бекор қилишга уринишда айбланган эди. Сиёсатчи бу айбловларни тан олмайди.

Суднинг қарори мисли кўрилмаган бўлди, деб таъкидлади CBS. Чунки АҚШ тарихида биринчи марта суд президентликка номзодни Конституцияга киритилган 14-тузатишга кўра дисквалификация қилди.

14-тузатишнинг учинчи қисми 1868 йилда фуқаролар урушидан кейин собиқ Конфедерация амалдорларини ҳокимиятдан четлатиш учун қабул қилинган. Замонавий даврда у камдан-кам қўлланади.

Ушбу суд қарори фақат Колорадо штати учун амал қилади ва 4 январгача кучга кирмайди. Сиёсатчининг сайловолди штаби қарор юзасидан АҚШ Олий судига апелляция шикояти берилишини билдирди.

Умуман олганда, 2024 йилги сайловлар олдидан АҚШнинг 25 дан ортиқ штатларида Трамп номзодига қарши сайловчиларнинг даъволари қўзғатилган. Мисол учун, Колорадо судига даъво олти нафар сайловчи номидан берилган.

Аввалроқ Миннесота ва Мичиган судлари бир гуруҳ сайловчиларнинг шу каби даъволарини рад этган эди. Масалан, Мичиган Олий суди Трампни республикачиларнинг праймериз сайловлари бюллетенидан четлаштиришдан бош тортган ва бу «партиявий мақсадларга хизмат қилувчи ички сайлов» эканини тушунтирган.

Суд қарори сайловга қандай таъсир қилиши мумкин?

АҚШ Олий суди апелляциядан кейин қандай қарор қабул қилиши ҳозирча аниқ эмас, деб ёзади Reuters. Ҳозирда судялар таркибида консерваторлар кўпчиликни ташкил этади, улар орасида Трамп томонидан тайинланган уч нафар судя ҳам бор.

Олий суд Трампнинг апелляциясини қаноатлантирмаса ҳам, бу ноябрь ойидаги сайлов натижаларига жиддий таъсир кўрсатмайди, деб таъкидлайди Reuters. Колорадо демократик штат сифатида қаралади, яъни амалдаги президент Жо Байден Трамп билан боғлиқ вазиятдан қатъи назар, у ерда ғалаба қозониши мумкин.

«Аммо шунга ўхшаш даъволар Трамп сайловда ғалаба қозониши учун ютиши шарт бўлган «алмашиб турувчи штатлар»да қўзғатилиши мумкин. Бу судларнинг ҳеч бири Колорадо судининг қарорига боғлиқ бўлмаса-да, судялар якуний хулосага келиш учун уни синчиклаб кўриб чиқиши мумкин», — деб таъкидлайди Reuters.

Бу ҳақда Washington Post ҳам ёзди. Нашрнинг қайд этишича, агар бошқа штатлар судлари Колорадодаги каби хулосага келса, Трампнинг республикачилар партиясидан номзод бўлиш ва сайловда ғалаба қозониш йўли анча қийинлашади, ҳатто имконсиз бўлади.

CNN’га интерьвю берган таҳлилчилар ҳам Колорадо суди қарори пойгага таъсир қилиши мумкинлигини айтмоқда. Сайловда ғалаба қозониш учун номзод 270 сайловчилар овозларини олиши керак. Бундай овозлардан жами 538 та бор ва улар штатлар бўйлаб нотекис тақсимланган — овозлар миқдори аҳоли сонига боғлиқ. Мисол учун, 40 миллион аҳолига эга Калифорния энг кўп — 55 сайловчилар овозларига эга.

«У [Трамп] Колорадодаги 10 та сайловчилар овозлари учун курашишга мажбур эмас, — деди CNN сиёсий шарҳловчиси Алисса Фараҳ Гриффин. — Аммо суд шундай қарор қабул қилди ва бу сайловчиларда тарихда биринчи марта у президентликка номзод бўлишга лойиқ эмас деган кайфиятни уйғотади».

Собиқ президентга нисбатан жиноий ишлар

Трампга қарши аллақачон тўртта жиноий иш очилган. У ҳар бир айблов бўйича ўз айбини рад этади. Гап Грузиядаги 2020 йил сайлови натижаларини бекор қилишга уриниш, 2021 йил январидаги Капитолийга бостириб кириш, махфий ҳужжатлар билан ноқонуний муомала қилиш ва президентлик сайловолди кампанияси маблағларини ноқонуний сарфлаш ҳақида кетмоқда.