Мисрнинг амалдаги президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси 10−12 декабрь кунлари бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонди ва шу тариқа кетма-кет учинчи муддатга президент бўлади, дея хабар бермоқда Al Jazeera.

Сайловнинг биринчи босқичида ас-Сиси 89,6 фоиз овоз олди, унга 39,7 миллиондан ортиқ киши овоз берди.

Миср Миллий сайлов бошқармаси маълумотларига кўра, сайловда аҳолининг деярли 67 фоизи иштирок этган.

Ас-Сиси уч номзод: Республикачилар партияси етакчиси Ҳазим Умар, Социал-демократик партия раҳбари Фарид Заҳран ва либерал «Вафд» партияси етакчиси Абдел Санад Ямама билан рақобат олиб борган.

The Washington Post нашрининг ёзишича, ас-Сисининг сайловдаги ғалабаси кутилаётганди, бироқ у мамлакат ва минтақада тобора кучайиб бораётган муаммоларга дуч келмоқда. Улар орасида юқори даражадаги давлат қарзи, инфляция ва Ғазо секторидаги уруш мавжуд.

Абдулфаттоҳ ас-Сиси илк бор 2014 йилда Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан ағдарилганидан бир йил ўтиб ўтказилган сайловларда Миср президенти этиб сайланганди. 2018 йилда у иккинчи тўрт йиллик муддатга қайта сайланган. 2019 йилда Конституцияга киритилган ўзгартиришлар унинг амалдаги муддатига яна икки йил қўшган ва бу унга учинчи бор — бу гал олти йиллик президентлик муддатига ўз номзодини қўйиш имконини берди.