1 декабрь куни эрталаб ҲАМАС гуруҳи Ғазо сектори билан чегарада жойлашган Исроил аҳоли пунктларига ракета ҳужумини уюштирди, деб ёзмоқда «Медуза» The Times of Israel нашрига таяниб.

Билдирилишича, ракета ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари томонидан уриб туширилган. Қурбонлар ва вайронагарчиликлар ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

ҲАМАС ҳарбий операция бўйича танаффусни бузди ва Исроил ҳудудига ҳам ўт очди. Исроил Ғазо секторида ҲАМАСга қарши жанговар операцияларни қайта бошлади, — дейилади Исроил мудофаа кучлари баёнотида.

«РИА Новости»нинг ёзишича, жума куни эрталаб Исроилнинг Ғазога берган зарбалари оқибатида олти киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар яраланди.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳ битими 24 ноябрь куни кучга кирган ва олти кун давом этди. Келишув доирасида томонлар ўт очишни тўхтатиш режимини сақлашга ваъда берган. Бундан ташқари, ҲАМАС Ғазода гаровга олинганларнинг бир қисмини, Исроил ҳукумати эса бир неча фаластинлик маҳбусларни озод қилган.