Европа Иттифоқи Россиянинг Украинага қарши босқинчилик уруши туфайли 12-санкция пакетини тасдиқлади, дейилади ЕИ кенгаши баёнотида.

«Бу чоралар [Россия президенти Владимир] Путиннинг уруш олиб бориш қобилиятига қўшимча зарба бўлиб, Россия иқтисодиётининг муҳим тармоқларини нишонга олади ва санкцияларни четлаб ўтишни қийинлаштиради», — дейилади баёнотда.

Санкциялар тўпламидан асосий нарса:

  • Тўплам Европа Иттифоқи томонидан Россиядан олмосларни тўғридан-тўғри ёки билвосита импорт қилиш ва сотиб олишни тақиқлашни жорий этишни ўз ичига олади. Ушбу тақиқ Россиядан олиб келинган, экспорт қилинадиган ёки Россиядан транзитда бўлган олмосларга ҳамда учинчи мамлакатларда қайта ишланган рус олмосларига нисбатан қўлланилади.
  • Тўғридан-тўғри тақиқ 2024 йил 1 январдан носаноат табиий ва синтетик олмос ва улардан ясалган заргарлик буюмларига нисбатан қўлланилади. «Россия олмосларини олиб киришни тақиқлаш G7`нинг Россияни ушбу даромад манбаидан маҳрум қилишга қаратилган халқаро мувофиқлаштирилган олмос тақиқини амалга оширишга қаратилган ҳаракатларининг бир қисмидир», — дейилади ҳисоботда.
  • Санкциялар Россияга ўта нозик товар ва технологияларни реэкспорт қилишни, жумладан, ҳамкор давлатлар бундан мустасно учинчи давлатга сотиш, етказиб бериш, узатиш ёки экспорт қилишни тақиқлашни назарда тутади. Ушбу қоида Россия ҳарбий тизимларида қўлланилиши, Украинадаги жанг майдонида топилган ёки ушбу тизимларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ёки ишлатиш учун муҳим бўлган тақиқланган нарсаларга нисбатан қўлланилади.
  • Европа кенгаши Украинага қарши урушда Россия ҳарбий-саноат комплексини бевосита қўллаб-қувватловчилар рўйхатига 29 та янги ташкилотни қўшди. Уларга товарлар ва технологияларга нисбатан қаттиқроқ экспорт чекловлари қўйилади. Рўйхатга Ўзбекистон, Қозоғистон ва Сингапур компаниялари кириши мумкинлиги аввалроқ хабар қилинган эди.
  • Тақиқланган товарлар рўйхати кенгаймоқда: кимёвий моддалар, литий батареялар, термостатлар, доимий тўғридан-тўғри двигателлар ва учувчисиз учиш аппаратлари учун сервомоторлар, дастгоҳлар ва эҳтиёт қисмлар.
  • Европа Иттифоқи Россия учун катта даромад келтирувчи қуйма темир, мис сим, алюминий сим, фольга, қувурлар ва прокат каби товарлар импортига қўшимча чекловлар жорий қилди. 12 ойлик ўтиш даври билан суюлтирилган газларни олиб киришга янги тақиқ жорий этилмоқда.
  • Европа Иттифоқи, шунингдек, санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш ва нефть нархлари чегараларига риоя қилишни таъминлаш учун қўшимча чора-тадбирларни жорий қилмоқда.

Европа Иттифоқи июнь ойида Россияга қарши аввалги, 11-санкция пакетини тасдиқлаган эди. Унинг таркибига Ўзбекистон корхоналари кирди.