БМТ Бош Ассамблеяси Фаластин-Исроил можароси ҳудудида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда ташкилот ахборот хизмати хабар қилди.

Унда сўзга чиққан ассамблея президенти Деннис Френсис Ғазодаги гуманитар инқироз янада кучайиши хавотирини билдирди.

«Бизнинг ягона устувор вазифамиз фақат битта — одамлар ҳаётини сақлаб қолиш. Мен сиздан инсоният номи билан сўрайман: бу зўравонликни ҳозироқ тўхтатинг», — деди у.

Резолюция ташаббускорлар Миср ва Мавритания ҳисобланади. Резолюцияни 153 давлат, жумладан, Ўзбекистон, Россия, Хитой, Бразилия ва БАА қўллаб-қувватлади. 10 давлат, жумладан Исроил ва АҚШ бунга қарши чиқди. 23 давлат бетараф қолди.

Эслатиб ўтамиз, 28 октябрь куни ҳам БМТ Бош ассамблеяси Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қабул қилганди. Уни 120 та давлат (жумладан, Ўзбекистон ҳам) ёқлаб овоз берганди.

Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми «йўқ жойдан пайдо бўлмаганини» айтганди. Бу фикр Исроил ҳукумати томонидан қаттиқ танқидга учраб, мамлакат расмийлари Гутерришнинг истеъфосини сўраган.

Шунингдек, Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти Исроил ва ҲАМАСни ҳарбий жиноятларда айблаб, урушни зудлик билан тугатишга чақирган баёноти эълон қилинганди.