2009 йилдан буён ёпиқ бўлган Андижон вилоятидаги «Мингтепа» ва «Хонобод» ўзбек-қирғиз чегара божхона постлари очилди. Уларнинг биринчиси кундузги вақтларда, иккинчиси эса узлуксиз фаолият олиб боради. Аввалроқ Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига чегарадан ID карта орқали ўтишга рухсат берилганди.
Қирғизистон Маданият вазирлиги болалар руҳий ривожланиши ва саломатлигига зарари сабабли TikTok ижтимоий тармоғини блоклашга қарор қилди.
Бишкек прокуратураси «Клооп Медиа» жамоат фондини (Kloop.kg сайти) тугатиш тўғрисида судга даъво киритди. Даъво аризасида айтилишича, нашрнинг аксарият материаллари «соф салбий характерга эга» ва «ҳозирги ҳукуматнинг амалдаги сиёсатини кескин танқид қилишга» қаратилган.
Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергетика вазирлари куз-қиш мавсумида ўзаро электр етказиб бериш, унинг соатлик ҳисобини юритиш механизмини жорий этиш, режадан ташқари оқимларни ҳисоблаш бўйича шартномаларнинг амалдаги шартларини қайта кўриб чиқиш ва бошқалар бўйича келишувларга эришди.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев юзлаб юк машиналари тўпланиб қолган қирғиз-қозоқ чегарасидаги «вазиятни тартибга солиш» бўйича топшириқ берди. Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги аввалроқ Қозоғистонни товарлар ҳаракати эркинлигини чеклаётганликда айблаганди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари 1 сентябрдан бошлаб икки мамлакат чегарасини ID карта орқали кесиб ўтишлари мумкин бўлади.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат Иссиқкўлдаги пансионатларни миллийлаштириш эвазига Ўзбекистонга 40 млн доллар товон пули тўлай олмаслигини, шу боис томонлар уни ижарага беришга келишиб олганини айтди. «Яқин 15−20 йил ичида уларни модернизация қилишга сармоя кирита олмаймиз», — деди у.
2023 йилнинг 5 ойи давомида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 13,3 фоизга ўсиб, 215,8 млн долларга етди, дея хабар қилинди ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг Чўлпонотадаги йиғилишида. Томонлар бу кўрсаткични 2 млрд долларга етказиш имконияти мавжудлигини таъкидлади.
Қирғизистон ҳукумати 2016 йилда ўзбек компанияларидан тортиб олинган Иссиқкўлдаги тўртта пансионатни 49 йилга Ўзбекистонга беришни режалаштирмоқда. Қирғизистон томони инвесторлар ҳар бир объектга 15−20 миллион доллар сармоя киритишини кутмоқда.
Қирғизистон президенти қонунчиликка ОАВда «болалар саломатлиги ёки ривожланишига зарар етказувчи» маълумотларни тарқатишни тақиқловчи тузатишларни имзолади. Ҳуқуқ ҳимоячилари қонуннинг қабул қилинишига қарши чиқиб, уни «цензура учун яна бир восита» деб атади.
Қирғизистон сув камайиши фонида Қозоғистоннинг Жамбил вилоятига суғорма сувни етказиб беришни тўхтатди. Қозоғистон Экология вазирлиги ҳудуд далаларида сув тақчиллиги сабабли «ноқулай вазият» юзага келгани, мамлакатда суғориладиган ерлар инвентаризациядан ўтказилиши ҳақида хабар берди.
Қирғизистонда 2027 йилдан бошлаб полимер плёнкадан тайёрланган пакетлар ва пластмасса буюмларни ишлаб чиқариш, сотиш ҳамда бепул тарқатиш тақиқланади. Иссиқкўл курорт ҳудудида тақиқ август ойи охириданоқ кучга киради.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ўш вилоятидаги 39 та масжид ва 21 та диний мактаб қурилиш қоидаларини бузгани ва таълимнинг ягона стандартлари йўқлиги сабабли ёпилганини маълум қилди. Мамлакатдаги диний объектларда кенг кўламли текширув ўтказилмоқда.
Қирғизистонда 2026 йилнинг 31 декабрига қадар энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат жорий этилди. Мамлакат президенти, шунингдек, сув танқислиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун кунлик тартибга солиш бассейнлари қурилишини маълум қилди.
Андижонда Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ёш IT мутахассислари учун «Digital Valley» оромгоҳи бўлиб ўтмоқда. 60 нафар йигит-қиз 5 кун давомида дастурлаш, график дизайн ва рақамли маркетинг бўйича маҳоратларини оширади, халқаро компаниялар вакиллари билан ўзаро фикр алмашади.
АҚШ Молия вазирлиги Қирғизистоннинг тўртта компаниясини санкциялар рўйхатига киритди. Маълумотларга кўра, улар Россия мудофаа саноати учун Россияга электроника ва санкция остидаги бошқа маҳсулотларни етказиб берган. Украина ТИВ Қирғизистон элчисини чақиртирди.
Қирғизистон қўш мақсадли товарлар экспорти устидан назорат кучайтирилганини билдирди. Аввалроқ The Washington Post АҚШ Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдами учун мамлакатга қарши санкциялар тайёрлаётганини ёзганди. Қирғизистон МХДҚ санкцияларни хусусий компаниялар бузиши мумкинлигини тан олди.
АҚШ Россияга қарши чекловларни четлаб ўтишда ёрдам бергани учун Қирғизистонга қарши санкциялар жорий этишга тайёрланмоқда, дея хабар берди The Washington Post. Мамлакат ҳудуди орқали санкциялар остидаги маҳсулотлар, хусусан, Хитой дронлари Россияга етказиб берилаётгани таъкидланган.
Қирғизистон президенти имзолаган қонун билан барча давлат хизматчиларига қирғиз тилини билиш мажбурий этиб белгиланди. Иш жараёнида ҳам қирғиз тилидан фойдаланиш мажбурияти юкланмоқда.
Европарламент депутатлари кўпчилик овоз билан Қирғизистонда сўз эркинлигига босим тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатда мамлакат расмийлари бир қатор мунозарали қонун лойиҳаларини қайтариб олишга ва қатор журналистларга нисбатан айбловларни олиб ташлашга чақирилган.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг