Украина қўшинлари Харьков вилояти шимолида рус армиясининг ҳужуми билан вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда 17 май куни Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди, деб ёзади «Украинская правда (Украина ҳақиқати)» нашри.

«Бугунги кун учун асосийси — Мудофаа кучларимиз вазиятни барқарорлаштирди… Бугун Мудофаа кучлари русларни ҳозир турган жойида барқарорлаштирди. Уларнинг энг кучли ҳаракатланиш нуқтаси — 10 километр. Баъзи душман бригадалари йўналиши бўйича ҳеч қандай силжиш йўқ ва бўлгани ҳам йўқ», — деди Зеленский (иқтибос «Украинская правда»дан келтирилган).

Президентнинг сўзларига кўра, руслар «мудофаанинг аниқ чизиғи»га етиб бормаган ва улар дастлабки чизиққа яқин турибди. «Биринчи чизиқ чегара эмас, у ерга жойлашиб бўлмайди, чунки бизнинг халқимиз руслар қўллаган қуроллар туфайли ҳалок бўлди. Улар ҳозир тахминан ўша ерда», — деди у.

Зеленскийнинг қўшимча қилишича, Россия қўшинларининг асосий мақсади Волчанск шаҳри ва 10 километрлик ҳудудни эгаллаб олишдир. Аввалроқ Reuters ҳам Россия шу йўл билан буфер зона яратишга уринаётгани ҳақида ёзганди.

Американинг урушни ўрганувчи институти (ISW) ҳам бир кун олдин Россиянинг Харьков вилояти шимолидаги ҳужум операциялари тезлиги пасаяётганини айтганди. ISW ҳисоб-китобларига кўра, рус қўшинлари Харьков вилоятидаги чегарадан 8 километрдан кўпроқ олдинга силжий олмаган.

Аввалроқ Зеленский фронтдаги оғир вазият туфайли Испанияга ташрифини бекор қилиб, Харьковга келганди. 16 май куни ABC News телеканалига берган интервюсида у Харьков йўналишидаги вазият «жуда жиддий» эканлигини ва Украина кучлари Харьковни йўқотишни қабул қилолмаслигини айтганди.

Россия президенти Владимир Путин ҳам Россиянинг Харьков вилоятидаги ҳужумига изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, Россия «бугунги кунда» Харьковни эгаллашни режалаштирмаган ва рус қўшинлари Белгороднинг Украинадан ўққа тутилганига жавобан минтақада қатъий режа бўйича ҳаракат қилмоқда.

  • Россия 10 май куни Харьков вилоятида янги ҳужум бошлади. Бу вақт ичида рус қўшинлари Украина билан чегарадош бир қанча қишлоқларни эгаллашга муваффақ бўлди.
  • Ғарб ҳарбий таҳлилчиларига кўра, янги фронт ёрдамида Россия қўшинлари фронтнинг бошқа тармоқларидан Украина армиясини чалғитмоқчи. «Россиянинг мақсади Харьковни олиш эмас, балки шаҳарга яқинлашиб, артиллерия билан таҳдид қилиш орқали уни қўрқитишдир», деб ёзади Роб Ли ва Майкл Коффман «The New York Times» рукнида. Уларнинг таъкидлашича, Россия эътиборини Донецк вилоятининг қолган қисмини эгаллаб олишга қаратган.