Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ўш вилоятидаги 39 та масжид ва 21 та исломий таълим муассасаси мамлакатдаги диний обидаларни оммавий текшириш доирасида ёпилганини маълум қилди. Бу ҳақда 24.kg нашри қўмитага асосланиб хабар қилди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси пресс-релизидан иқтибос келтирган 24.kg`га маълум бўлишича, диний муассасалар ёпилишга қурилиш, санитария ва ёнғин қоидаларининг бузилиши, шунингдек, диний таълим муассасаларида ягона таълим стандартлари йўқлиги сабаб бўлган.

Диний объектларни текширган комиссия таркиби Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Дин ишлари бўйича давлат комиссияси, Соғлиқни сақлаш, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ва бошқа давлат идоралари вакилларидан иборат.

Хабарда текширувдан кўзланган мақсад «Диний экстремизм мафкураси ва ноанъанавий оқимлар ёйилишига қарши курашиш» деб аталади. Масжидларнинг бетартиб ривожланиши, таълим меъёрларининг бузилиши бунга сабаб бўлаётган асосий омиллар сифатида кўрсатилмоқда.

Шунингдек, махсус комиссия томонидан 48 та масжид ва 40 та диний таълим муассасасида қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, уларга нисбатан далолатномалар тузилиб, тегишли фармойишлар берилди. 39 та диний муассаса ва зиёратгоҳ маъмурияти жаримага тортилди.

Июнь ойида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан тузилган махсус комиссия Ўш билан чегарадош Жалолобод вилоятида ноқонуний фаолият юритаётган 60 та масжидни аниқлаган эди.