1 сентябрь куни Андижон вилоятида 2009 йилдан буён ёпиқ бўлган «Мингтепа» ва «Хонобод» ўзбек-қирғиз чегара божхона постлари очилди.

Марҳамат туманида жойлашган, Қирғизистоннинг Аравон тумани билан боғловчи «Мингтепа» (Мингтепа/Қора-Боғиш) чегара пости аввал 0,5 гектар майдонда жойлашган, ҳозирда эса 1,12 гектар майдонни эгаллайди.

Кундузги вақтда фаолият олиб борувчи халқаро мақомдаги «Мингтепа» чегара божхона постида бир кунда 4−5 минг фуқаро ҳамда 200 тагача автотранспорт воситаси ўтиши ва қайтиши мумкин, дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.

Очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам қатнашиб, у ерда йиғилган ўзбек ва қирғиз ҳалқини табриклади.

Шундан сўнг Ўзбекистоннинг энг шарқий ҳудудидаги Хонобод шаҳрида жойлашган «Хонобод» (Хонобод/Бек-Обод) чегара божхона постининг ҳам очилиши бўлиб ўтди. Бу пост ҳам 2009 йилда ўз фаолиятини тўхтатганди.

Аввал 1,3 гектар майдонда жойлашган пост бугунги кунда 2,2 гектар майдонда қайта ташкил этилган.

Узлуксиз фаолият олиб борувчи халқаро мақомдаги ушбу постда кунига 9−10 минг фуқаро ҳамда 300 тагача автотранспорт воситаси ҳаракатланиши мумкин.

Тадбирда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов нутқ сўзлаб, Шавкат Мирзиёев у билан боғлангани ва ҳаммани унинг номидан табриклашини айтганини билдирди.

ўзбек-қирғиз чегара пости, қирғизистон

«Ҳозир йўлда келаётсам, ҳурматли президентимиз алоқага чиқиб, ҳаммани менинг номимдан табриклагин, деди», — дея таъкидлади у.

Маълумот учун, 1 сентябрдан икки давлат фуқаролари ID карталар орқали («загран» паспортсиз) икки давлат ҳудудига кириш, чиқиш, транзит ўтиш, ҳаракатланиш ва унда бўлиб туришлари мумкин бўлди.

Фаоллар ўтказиш пунктлари очилгани ҳақида

Иқтисодчи Отабек Бакиров Марҳамат туманидаги пункт очилгани ҳақида пост қолдирди.

«Чегаравий савдо ва транспорт алоқаси ривожланиши ҳисобига Аравон ва Марҳамат туманлари янги иқтисодий самара ва имкониятларга эга бўлади. Логистик жиҳатдан ўта қулай бўлган Қора-Боғиш/Мингтепа ўтказиш пунктининг очилиши нафақат қўшни туманлар, Фарғона, Қува, Марғилон ва Асакадан Ўшгача бўлган масофани қисқартириб, аҳоли ва бизнес учун транспорт қатновини осонлаштиради, арзонлаштиради», — дея таъкидлайди у.

Бакиров, шунингдек, икки мамлакатга кириш-чиқишда йўл ва харажатлар қисқарганига тўхталди.

«Шундоқ ариқнинг нариги тарафидаги қишлоққа ўтиш учун Дўстлик пости орқали деярли 100 км айланиб бориш керак эди. Бу камида 100 минг сўм харажат дегани. Энди Damas`га ўтириб, чегарагача 2 минг сўм, Аравонгача 3 минг сўм билан етиб олса бўлади», — дейди иқтисодчи.

Журналист Шуҳрат Шокиржонов эса «Сўх йўли ҳам очилиши керак», дея твит қолдирди.

«Идеалда Қирғизистон Чўнғара экславгача ва ундан яна Сўх эксклавгача тўғри тортилган (чегара НЎПсиз) эстакада кўприк ва тунеллар қуришга рухсат берса яхши бўларди», — деб ёзди Шокиржонов.

Отабек Бакиров унга жавоб қайтараркан, шундай деди: «Иқтисодий интеграция бу саволларни ўз-ўзидан ечади. Бельгия ичида жойлашган Голландия шаҳарлари, Голландиянинг ичида жойлашган Бельгия шаҳарлари бор».