Ўзбекистон ва Қирғизистон ўз фуқароларининг чегарадан ўтишини осонлаштирмоқда, деб хабар қилди Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

2006 йил октябрь ойида имзоланган фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритилди. Мазкур ҳужжатга ўзгартиришлар киритиш бўйича баённомалар алмашинуви Шавкат Мирзиёевнинг 27 январь куни Бишкекка ташрифи доирасида бўлиб ўтган.

Баённомага кўра, 1 сентябрдан икки давлат фуқаролари ID карталар орқали («загран» паспортсиз) икки давлат ҳудудига кириш, чиқиш, транзит ўтиш, ҳаракатланиш ва унда бўлиб туришлари мумкин.

Аввалроқ фуқароларнинг чегарадан ўтаётгани ҳақидаги маълумотлар электрон шаклда қайд этилиши, шунинг учун паспортга муҳр босишга ҳожат қолмаслиги ҳақида хабар берилганди. Қирғизистон Ўзбекистон билан чегарани ID карталар орқали кесиб ўтиш тартибини ўрнатган биринчи давлат бўлди.