13 июль куни Европарламент Қирғизистонда оммавий ахборот воситалари ва сўз эркинлигига босим тўғрисидаги резолюцияни маъқуллади. Бу ҳақда Европарламент матбуот хизмати хабар берди.

«Аввал Марказий Осиё мамлакатлари ичида энг демократик ҳисобланган Қирғизистонда демократик стандартлар ва инсон ҳуқуқларининг хавотирли ёмонлашувидан сўнг Европарламент депутатлари Қирғизистон ҳукуматини асосий эркинликларни, хусусан, оммавий ахборот воситалари ва сўз эркинлигини ҳурмат қилишга ва ҳимоя қилишга чақиради», — дейилади ҳисоботда.

Европарламент депутатлари Қирғизистон ҳукуматини резолюцияда қайд этилганидек, мамлакатнинг халқаро мажбуриятларига тўғри келмайдиган ва мамлакатда сўз эркинлигини бўғиш учун қўлланаётган бир қатор қонунлар ва қонун лойиҳаларини қайтариб олиш ва қайта кўриб чиқишга чақирди. Гап ёлғон ахборот ва болаларни зарарли маълумотлардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунлар, шунингдек, «хорижий вакиллар» ва оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун лойиҳалари ҳақида кетмоқда.

Резолюцияда, шунингдек, «Азаттиқ» радиосини мажбурий ёпишга уриниш, Kaktus.media`га қарши жиноий иш қўзғатилгани, суриштирув журналисти Болот Темиров Қирғизистондан Россияга чиқариб юборилгани ҳам тилга олинган.

Бундан ташқари, Европа парламенти Қирғизистон ҳукуматини бир қатор маҳаллий журналистларга қарши айбловларни олиб ташлашга, шу тариқа ОАВга босимни тўхтатишга чақирди.

Ҳужжатни 391 депутат қўллаб-қувватлади, 41 киши қарши овоз берди.

Европарламент резолюцияси қонуний кучга эга эмас.

«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти эълон қилган сўз эркинлиги рейтингида Қирғизистон 72-ўриндан 122-ўринга тушиб кетган. Бу минтақа давлатлари орасида энг кескин пасайишдир.