24 июль куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фавқулодда вазиятлар режими 1 августдан 2026 йилнинг 31 декабрига қадар жорий этилган. Фармон «Қирғизистон Республикасини иқлим муаммолари, Норин дарёси ҳавзасида сув оқимининг камлиги ва энергия истеъмоли тез суръатлар билан ўсиб бориши шароитида ишлаб чиқариш қувватларининг етишмаслиги билан боғлиқ энергетика инқирозидан чиқариш бўйича фавқулодда чоралар кўриш мақсадида» имзоланган.

Фармон Энергетика вазирлигига қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш учун яроқли ер участкаларини белгилаш ва ажратиш, кейинчалик уларни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Яшил энергия жамғармасига ўтказиш ҳуқуқини беради.

1 сентабргача қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга яроқли ер участкаларини инвентаризациядан ўтказиш, мақсадли фойдаланилмаётган ёки техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, энергетика объектларини лойиҳалаш ва қуриш ишлари бошланмаган ер участкаларида фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилиш бошланади.

Ўша куни Садир Жапаров «Кабар» агентлигига берган интервьюсида Қирғизистонда сув танқислиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун кунлик тартибга солиш бассейнлари қурилишини билдирди.

«Ҳозир Совет даврида қурилган бассейнлар ишлаяпти. Келгуси йилдан бошлаб биз бор кучимизни янги бассейнлар қуришга сарфлаймиз. Етарлича маблағ ажратайлик. Улар қурилгач, сув муаммоси ҳал бўлади», — деди президент.

«Агар мустақилликка эришганимиздан буён мамлакатимизда ҳар йили биттадан шундай бассейн ва битта ГЭС қурилса, ҳозир 33 та ГЭС ва 33 та бассейн бўлар эди. 33 ГЭС камида 300 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқаради. Ва бу фақат битта йўналиш. Агар санаб ўтсангиз, ҳали кўп муаммолар бор. Биздан сабр ва вақт талаб этилади», — деди давлат раҳбари.