Бишкек прокуратураси «Клооп Медиа» жамоат фондини (Kloop.kg сайти) ҳокимиятни обрўсизлантирадиган материаллари туфайли октабр ва Первомайский туман судларига тугатиш тўғрисида даъво аризаси киритди. Сайт таҳририяти баёнотида бу ҳақда маълум қилинди. Нашр Ўзбекистонда блокланган.

Маълумот учун: Kloop мустақил нашри ўз фаолиятини 2007 йил июн ойида бошлаган ва Қирғизистондаги энг машҳур ахборот сайтларидан бири ҳисобланади. Нашр, янгиликлардан ташқари, ҳисобот бериш, маълумотларни ўрганиш ва коррупсияни текширишга ихтисослашган.

Даъво «низом доирасидан ташқарига чиқадиган фаолиятни амалга ошириш» юзасидан қўзғатилган. Прокуратура маълумотларига кўра, «Клооп Медиа» давлат ОАВ реестрига киритилмаган, ташкилот низомида эса маълумот тарқатилиши кўрсатилмаган.

Даъво аризасида қайд этилишича, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Клооп материалларини экспертизадан ўтказган ва улар «ҳозирги ҳукуматнинг амалдаги сиёсатини кескин танқид қилишга қаратилган» деган хулосага келган.

«Бундан ташқари, аксарият материаллар давлат ва муниципал органлар вакилларини обрўсизлантиришга қаратилган соф салбий хусусиятга эга», — дейилади хабарда.

Ҳужжатда, шунингдек, 2021 йил ноябрида МХДҚ Kloop`га нисбатан «ҳокимиятни тортиб олишга оммавий чақириқлар» бўйича судгача бўлган иш юритишни бошлагани айтилади. Нашр материалларини ўрганиш шуни кўрсатдики, уларда «жамият фикрини манипуляция қилиш яширинган бўлиб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган салбий жараёнларни тўқиб чиқаришмоқда ва амалдаги ҳукуматнинг ҳар қандай ташаббусига қаршилик кўрсатмоқда».

«Биз [Қирғизистоннинг собиқ президенти Курманбек] Бакиев ҳокимиятда бўлган 2010 йилга ўхшаш босимга дуч келяпмиз. Биламизки, ўша пайтда журналистларга ҳам босим ўтказишган, нашрлар ёпилган ва биз баъзи қотиллик ҳолатларини биламиз… Расмийлар норози одамларнинг оғзини ёпиш учун ҳар қандай усулдан фойдалананишмоқда», — деб ёзди Kloop бош муҳаррири Анна Капушенко прокуратура қўзғатган даъвога изоҳ берар экан.

Аввалроқ Клооп нашри «Барселона» академиясининг очилиши бўйича суриштирув натижаларини эълон қилган эди, унда футбол клуби франшизаси эгалари орасида МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиевнинг қариндошлари ва Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг яқинлари борлиги айтилган. Кейинроқ мамлакат раҳбари журналистлар маълумотларини тасдиқлади, лекин лойиҳа хусусий маблағлар ҳисобидан амалга оширилаётганини ва «давлат буджетидан бир тийин ҳам олинмаганини» таъкидлади.

Жапаров, шунингдек, «ўзини мустақил журналист деб атайдиганлар», жумладан, Kloop каби нашрларда ишлайдиганларга ҳам мурожаат қилди. У улар «бошидан шундай ёндашувни ишлаб чиққани» — «қирғиз халқига фойда эмас, фақат зарар келтириш»ни айтди ва «бундай давом этмаслигини» таъкидлади.

«Фақат салбийни айтиб, ҳамма нарсадан ўз фойдасини қидириб, мамлакатга миллиардлаб сармоя киритишга тайёр бўлган инвесторларни қўрқитасиз. Ташиевлар ва Жапаровлар имкониятларни мамлакатдан тортиб олмасдан, мамлакатга тортиб олишаётганидан хурсанд бўлганимиз маъқул», — деди Қирғизистон раҳбари.

Қирғизистон расмийларининг маҳаллий нашрни ёпишга уриниши биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Жорий йилнинг апрел ойида Бишкек суди Маданият вазирлиги даъвосига кўра «Азаттиқ» сайтини (Озод Европа/Озодлик радиосининг қирғиз хизмати) ёпиш тўғрисида қарор чиқарган эди. Июл ойида томонлар муросага келишди.