Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ҳукуматга «қозоқ-қирғиз чегарасида юзага келган вазиятни мамлакатлар ўртасидаги шериклик ва қардошлик муносабатлари асосида ҳал этиш»ни топширди. Бу ҳақда 26 август куни Акорда матбуот хизмати маълум қилди.

«Чегара орқали товарларнинг ноқонуний олиб ўтилишига йўл қўймаслик учун рақамлаштириш ва автоматлаштиришни фаолроқ жорий этиш масаласида Қирғизистон томони билан музокараларни давом эттириш зарурлиги ҳам қайд этилди», — дейилади хабарда.

20 августдан бери Қозоғистон ва Қирғизистон чегарасида юзлаб юк машиналаридан иборат навбат пайдо бўлди. Қирғизистон Чегара хизмати маълумотларига кўра, 24 август ҳолатига кўра, тўртта назорат-ўтказиш пунктида 600 дан ортиқ юк машиналари турибди.

Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги чегарадаги тирбандликни изоҳлар экан, Қозоғистон товарларнинг ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб қўйгани ва бу билан ЕОИИ ягона бозорининг асосий тамойилини бузаётганини таъкидлади.

Вазирлик, шунингдек, вазият «тизимли» эканини, Қозоғистон томони Қирғизистондан келаётган юк машиналарининг Қозоғистон ҳудуди орқали ўтишини секинлаштириш учун «ҳар сафар турли сабабларни топаётганини» қўшимча қилди. Кейинроқ вазирлик фураларнинг ўтиши тезлашгани ҳақида хабар берди.

Қозоғистон чегара хизмати, ўз навбатида, «чеклов чоралари» жорий этилмагани ва назорат-ўтказиш пунктлари нормал режимда ишлаётганини билдирди. Қозоғистон молия вазири Ерулан Жамаубаевнинг сўзларига кўра, юк машиналарининг назорат-ўтказиш пунктида кечикишига гиёҳвандликка қарши операция сабаб бўлган.