Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 25−26 август кунлари Остонада бўлиб ўтган Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон энергетика ва сув хўжалиги соҳалари вакилларининг учрашувида иштирок этди, дея хабар бермоқда Қозоғистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбир давомида келгуси куз-қиш мавсумида электр энергияси етказиб бериш масалалари муҳокама қилинган, қатор ўзаро келишувларга эришилган, етказиб бериш ҳажмлари ва муддатлари белгиланган.

Шунингдек, раҳбарлар электр энергиясининг соатлик ҳисобини юритиш механизмини жорий этиш имкониятларини ишлаб чиқиш, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида режадан ташқари оқимларни ҳисоб-китоб қилиш бўйича шартномалар тузиш, режадан ташқари оқимларни ҳисоб-китоб қилиш бўйича шартномаларнинг амалдаги шартларини қайта кўриб чиқишга келишиб олган.

Вазирликнинг хабар беришича, учрашувда трансчегаравий гидроэнергетика лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, Қамбарота-1 ГЭС лойиҳаси ва сув-энергетика ресурслари соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Кейинги учрашув 2023 йилнинг ноябрида Бишкекда ўтказилиши режалаштирилган.

Август ойи ўрталарида Қирғизистондан Қозоғистоннинг Жамбил вилоятига сув етказиб бериш билан боғлиқ кескин вазият юзага келганди. Суғориш суви таъминотидаги узилишлар туфайли Қозоғистон 560 гектарга яқин майдондаги ҳосилини йўқотган.

Аввалроқ Қозоғистон Ўзбекистон ва Қирғизистон билан Сирдарё ҳавзасининг сув-энергетика ресурсларидан фойдаланиш бўйича келишувни ўзгартирмоқчи экани ҳақида хабар берилганди.