16 август куни Иссиқкўл вилоятининг Чўлпонота шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг ўнинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси — президент администрацияси раҳбари Акилбек Жапаров олиб борди.

Икки давлат ҳукумат делегациялари савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди, деб хабар қилди Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати.

абдулла арипов, қирғизистон

Фото: Қирғизистон ҳукумати ахборот хизмати

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми йилдан-йилга барқарор ўсиб бормоқда. 2023 йилнинг биринчи беш ойида товар айирбошлаш ҳажми 13,3 фоизга ўсиб, 215,8 миллион долларни ташкил этди, дейилади хабарда.

Томонлар бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш имконияти мавжудлигини таъкидлади, деб хабар қилди Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати. Бундай режалар ҳақида аввал ҳам хабар қилинган.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2022 йилда 1,26 млрд долларни ташкил этган бўлса, ундан бир йил аввал 953,6 млн доллар бўлган.

Учрашувда Ўзбекистон-Қирғизистон тараққиёт жамғармаси иштирокидаги саноат кооперацияси, энергетика, сув хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм ва спорт соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Ноябрь ойида Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунлари доирасида атоқли ёзувчи Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллигини нишонлаш режалаштирилмоқда.