17 июль куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров барча давлат хизматчиларига ўз ишида қирғиз тилидан фойдаланиш мажбуриятини юклаган давлат тили ҳақидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Қирғизистон раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Қонуннинг янги таҳририга кўра, давлат идоралари фаолияти, ҳужжат айланиши, суд ишларини юритиш, халқаро шартномалар, географик номлар, шунингдек, таълим, фан, маданият ва оммавий ахборот воситалари каби 11 та йўналиш ва соҳаларда қирғиз тилидан фойдаланиш ҳам мажбурий бўлади. Хусусан, телерадиоэшиттиришлар ҳажми камида 60 фоизни ташкил этиши керак.

Бундан ташқари, қирғиз тили компьютер дастурлари интерфейслари, оммавий тадбирлар, реклама, транспорт ва мижозларга хизмат кўрсатишда мажбурий бўлади.

Депутатлар, Миллий банк ходимлари, ички ишлар органлари ходимлари, судьялар, прокурорлар, адвокатлар, нотариуслар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажаришда қирғиз тилини билишлари шарт.

Қонунда таъкидланишича, Қирғизистон «ўз ҳудудида яшовчи барча этник гуруҳлар вакилларининг тилларидан эркин фойдаланиш тамойилига амал қилади ва бу тилларнинг ривожланиши учун шарт-шароит яратилишини кафолатлайди». Шунингдек, у мамлакатда рус тилининг расмий мақомида қолаётганини белгилайди.

Аввалроқ Садир Жапаров қирғиз тилини ривожлантириш зарурлиги ҳақида гапирган эди. «Қирғизистон Республикасида давлат тили барча фуқароларни бирлаштирувчи асосий омил бўлиши керак. Қирғиз халқи қирғиз тилида сўзлаши, ёзиши ва фикрлаши учун шарт-шароит яратиб беришимиз керак», — дея ҳужжатларни давлат тилида юритишга чақирди.