Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги мамлакатда TikTok ижтимоий тармоғи фаолиятини блоклашга қарор қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур ижтимоий тармоқнинг болалар руҳий ривожланиши ва саломатлигига зарари ҳақида нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Шундан сўнг вазирлик томонидан тармоқ контенти мониторинги ўтказилган.

Платформа фойдаланувчиларини қисқа роликларнинг виртуал оламига тортади, уларни кўргандан сўнг ўсмирлар маълум видеоларни такрорлашга уринади, уларнинг баъзилари эса ҳаёт учун хавфли, дея ҳисоблайди вазирлик.

«Кўплаб мурожаатларни инобатга олган ҳолда ва ўтказилган мониторинг асосида вазирлик Қирғизистон ҳудудида TikTok сервисини тўхтатишга қарор қилди», — дейилади хабарда.

Қарор қонунчилик доирасида келгусида амалга ошириш учун мамлакат Рақамли ривожланиш вазирлигига юборилди.

Маълумот учун, TikTok Ўзбекистонда блокланган тармоқлардан бири. 2021 йил июль ойида «Ўзкомназорат» давлат инспекцияси «Шахсий маълумотлар тўғрисида»ги қонунни бузгани учун Twitter, «ВКонтакте», WeChat ва Skype мессенжери қаторида унга ҳам киришни чеклаганди.

Шундан сўнг VPN дастурига талаб бирданига ортган. Сўнгги марта бундай ҳолат 2018 йилнинг кузида — Facebook ва YouTube блокланганида кузатилган.

2022 йилнинг августида АКТ вазирлиги Twitter, «Вконтакте» тармоқлари ҳамда WeChat мессенжеридан фойдаланиш бўйича чеклов олиб ташланганини маълум қилган. Бироқ TikTok платформасига кириш эса ҳозирча тикланмаган. Расмий идоралар томонидан бу ҳолатга изоҳ берилмаган.