Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида Иссиқкўл соҳилидаги тўртта пансионатнинг 49 йил муддатга Ўзбекистонга берилиши юзасидан изоҳ берди. «Кабар» маълумотига кўра, бу ҳақдаги хабар «ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг норозилигига сабаб бўлган».

Маълумот учун: Пансионатлар («Энесай», «Бостери», «Рохат» ва «Бустон») Ўзбекистон давлат компанияларига тегишли бўлган, бироқ 2016 йилда Қирғизистоннинг собиқ бош вазир Темир Сариев бошчилигидаги ҳукумати уларни миллийлаштирган. Ўзбекистон бунга жавобан халқаро арбитражга даъво аризаси билан чиқди.

Жапаров ўз интервьюсида Сариевнинг қарори «кўпроқ популизмга ўхшаши», «архив ҳужжатларини ўрганиб, бу объектларнинг келажаги ҳақида ўйлаш» зарурлигини айтди. «Агар бундай ҳаракат билан халқаро судда ютқазмаслигимизга кафолатлар бўлса, ўринли бўларди», — деди у.

Шу йилнинг май ойида халқаро арбитраж Ўзбекистон фойдасига қарор чиқарган ва Қирғизистонга 40 млн доллардан ортиқ товон пули тўлаш мажбуриятини юклаган.

«Биз Ўзбекистон томони билан музокаралар ўтказдик ва объектларни 49 йилга ижарага беришимиз, улар эса уларни тўрт-беш юлдузли меҳмонхоналар даражасига кўтаришлари ҳақида келишиб олдик: уларга тақдим этилган суммани тўлашга имконимиз йўқ», — деди Қирғизистон раҳбари.

«Ушбу пансионатларнинг бугунги ҳолати ҳавас қиларли даражада эмас: улар шу қадар эскирганки, уларни аллақачон омборхона деб аташ мумкин. Яқин 15−20 йил ичида ўзимиз уларни модернизация қилишга сармоя кирита олмаймиз, чунки бизда жуда кўп бошқа муҳим камчиликлар мавжуд. Уларни тузатмас экан, пансионатлар ҳақида гап бўлиши мумкин эмас», — дея қўшимча қилди у.

Садир Жапаровнинг сўзларига кўра, бу пансионатлар ҳозирги кўринишида «40 млн долларни у ёқда турсин, 4 млн долларга ҳам ҳеч ким сотиб олмайди».

«5−10 йилга ижарага бериш мумкин эди, дейиш жаҳолатдан, чунки фақат тўрт-беш юлдузли меҳмонхоналар қурилишига мана шу 5−10 йил керак бўлади. Шунинг учун ҳеч бир давлат ўз инвестицияларини тўлаш кафолатисиз бунчалик кўп маблағ киритишга рози бўлмайди», — деди Қирғизистон президенти.

Ўша суҳбатда Жапаров Кампиробод сув омборининг бир қисми Ўзбекистонга ўтказилгани, бу Қирғизистонда митингларга сабаб бўлганини ҳам тилга олди. Ўтган йилнинг октябрь ойида Бишкекда сув омборини топширишга қарши бўлган 20 дан ортиқ одам ҳибсга олинган ва улара оммавий тартибсизликларга тайёргарлик кўрганликда айбланган эди.

«Кампирободни бериб юборишди деб карнай-сурнай чалаётганларни жоҳил дейиш мумкин. Кампиробод ҳеч кимга берилгани йўқ, аксинча, олинди. Биз уни тенг асосда бошқариш ҳақида шартнома туздик ва ўзимиз учун 50% олдик. Авваллари унга 50 метр ҳам яқинлашишга қўйишмасди, тўғрими? Биз ҳар бир қароримиз ва ҳаракатимиз учун, ҳатто 50 йилдан кейин ҳам, қизариб кетмасдан жавоб беришга тайёрмиз. Фаолиятимиз тўлиқ ва тўлиқ халқ манфаатига қаратилган», — деди Қирғизистон раҳбари